Coca Cola Суперлигаси 23-туридан ўрин олган "Олимпик" – "Қизилқум" (0:0) баҳсидан кейин мезбонлар бош мураббийи Тимур Кападзе фикрлари билан ўртоқлашди.
"Ўйинга астойдил тайёргарлик кўргандик. Турнир жадвалида ёнма-ён бораётгандик. "Қизилқум" ҳам ўйинга яхши тайёргарлик кўраётгани ҳақида эшитдик ва билардик. Биз ҳам жиддий ёндашиб, ўйнадик. Афсуски, ўйин бошидаги қизил карточка туфайли ҳаммаси ўзгариб кетди – ўйин стратегиямизни ўзгартирдик. 10 киши бўлиб ҳам ғалаба қозониш имкониятимиз бор эди. Вазиятлар бўлди, аммо фойдаланишда оқсадик. Четлатиш билан боғлиқ вазиятни ҳали кўриб чиққаним йўқ. Назаримда, ҳолат қизил карточкага тортмасди. Воқеани ҳакамлар қандай баҳолашди, билмадим. Пенальти беришди – ҳайриятки, VAR кўриб, бу хатони тўғрилади. Умуман олганда, 11 киши бўлганимизда ўйин бошқача бўларди деб ўйлайман. "Қизилқум"га тўпни бериб, қарши ҳужумда ўйнашга уриндик. Бу ўйин биз учун синов бўлди. Қараб чиқамиз, фойдали ўйин бўлди, энг муҳими – шу", – деди Кападзе.
- Фарруҳ Мухторов узоқ вақтдан кейин бугун майдонда кўриниш берди. Унда ортиқча вазн бордек. Ўйинида пасайиш кузатилмаяптими?
- Мухторовга келсак, унда ортиқча вазн йўқ. Ўринбосарлар таркибида ва машғулотларда ўзини кўрсатгани учун унга имконият бердик. Менимча, босим туфайли ўзини кўрсатолмаяпти, чунки у бундан яхши ўйнай олади, нималарга қодирлигини яхши биламиз. Кўп хатолар қилди, аммо фойдали ҳаракатлари ҳам бўлди. Унинг хатолари устида ишлашга ҳаракат қиламиз. Биз кўпроқ руҳий тарафлама оқсадик, сабаби ўйин бошидаёқ пенальти ва қизил карточкалар кузатилди. Бу йигитларга руҳий зарба бўлди, аммо улар бу ҳолатдан чиқиб кета олишди.
- Белгилангандан кейин бекор қилинган пенальти, қизил карточка ва ўтган турда "Бунёдкор" билан ўйиндаги ғалати гол... Охирги вақтларда ҳакамлар "Олимпик" иштирокидаги ўйинларда бошқача кайфиятда ишлаётгандек...
- Билмадим, эҳтимол, бизни синашаётгандир. Нафақат "Олимпик", балки терма жамоа ўйинида ҳам шундай бўлди. Ўтган турда ҳам иккинчи пенальтини бермагандек туюлишди, "Бунёдкор"нинг голи қўлга теккач урилди. Билмадим... Бу жамоа фақат менга керак эмас, бу менинг лойиҳам эмас. Нимага тайёргарлик кўраётганимизни ҳаммамиз биламиз. Раҳбариятга ҳам, ҳакамларга ҳам бизга ёрдам эмас, ҳалоллик кераклигини таъкидладим. Бизга руҳий зарбаларнинг ҳеч кераги йўқ, чунки биз меҳнат қиляпмиз.
- Ҳакамлар ишимизга соя солишяпти. Менимча, раҳбарият ҳам бу нарсани кўриб чиқиши керак, чунки бу жамоа фақат менгагина керак эмас. Мен жамоа билан ишлашдан кўра ҳакамлар билан боғлиқ ҳолатларни деб кўпроқ сиқиляпман, кўпроқ асабийлашяпман. Мен йигитларнинг қандай меҳнат қилишаётганини кўряпман... Бизга ҳакамлардан ҳеч қандай ёрдам керак эмас, ҳалоллик керак. Ҳакам нейтрал бўлса, тўғри ҳакамлик қилсагина футболимиз ўсади.
- Албатта, камчилик ва хатолар учраб туради. Буни ВАР тўғрилаши керак, лекин у ҳам айрим вазиятларда буни тўғрилагани йўқ. Майли, бўлган иш бўлди. Илтимосим, бизга руҳий зарба керак эмас. Ҳакамлик қанча яхши бўлса, шунда футбол ҳам яхши бўлади. Футбол ривожи ҳакамлар билан чамбарчас боғлиқ. Осиё Чемпионлар Лигасини кўряпмиз, менимча, у ерда яхши даражада ҳакамлик қилиняпти. Биз ҳам шу даражага чиқишимиз керак. Бошқа йўл йўқ. Яхши ҳакамлар кўп, лекин янада яхши даражага чиқишимиз лозим.
- Абдурауф Бўриев тўғридан тўғри қизил карточка олиб майдонни тарк этди. Биламизки, у майдон марказида ўйинни бошқарадиган футболчи ҳисобланади. Энди у 2 та ўйинда майдонга туша олмайди. Кейинги ўйинларда жамоангизга қийин бўлади. Жамоангиз қизил карточка юзасидан протест бериши мумкинми?
- Энди буни кўриб чиқиш керак. Қанчалик даражада қизил карточкага тортди ёки йўқ. Тўғри, теккан бўлиши мумкин, лекин қайси даражада, шу инобатга олиниши лозим. Сакраганда, қарама-қарши ҳолатда ва тезликда урилиб жароҳат олиш каби ҳолатлар бор. Кўрамиз, кўриб чиқамиз. Бу – футбол. Бир ўйинчига қараб қолмаслик ва бошқаларга имкон бериш керак. Албатта, Бўриев ўйнаса яхши, аммо у бўлмаса, бошқаларга таянамиз.
- Иккинчи давра бошида "Насаф"дан жалб этилган Шаҳзод Акрамов ва Жавоҳир Ўтамуродов дастлаб асосий таркибда ўйнади, лекин охирги пайтда улар асосан захирада қолиб кетишмоқда. Улар "Олимпик" даражасига мос келмадими ёки жисмонан тайёр эмасми?
- Уларга етарлича имкон берилди. Бироқ айрим камчиликлари кўзга ташланди, шу боис улардан кучлироқ ўйинчиларни синаб кўряпмиз. Ўйлайманки, уларда ҳали имкон бор. Акрамов захирадан бўлса ҳам майдонга тушяпти, бу имкониятлардан фойдаланса яхши бўлади. Ўтамуродовга келсак, марказий ҳимоя чизиғи сал нозик нуқта. Уларни тез-тез алмаштириш қийин, киришиб кетиш мураккаб.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг