Фото: Getty Images
Ла Лига 11-туридан ўрин олган "Барселона" - "Реал" баҳси якунига етди. Мазкур беллашувда меҳмонлар 1:2 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритди.
"Кўк-анорранглилар" сафида Гюндоган гол муаллифи бўлди. "Қаймоқранглилар"нинг икки голи Жуд Беллингем номига қайд этилди.
«Барселона» – «Реал» 1:2 (1:0, 0:2)
Голлар: 1:0 – 6 Гундўған, 1:1 – 68 Беллингҳем, 1:2 – 90 Беллингҳем.
«Барселона» – тер Стеген, Жоау Канселу (Ямал, 77), Мартинес, Кристенсен, Араухо, Балде, Гундўған, Гави, Лопес (Ромеу, 72), Жоау Феликс (Рафиня, 77), Ферран Торрес (Левандовски, 61).
«Реал» – Аррисабалага, Карваҳал, Алаба, Рюдигер, Менди (Камавинга, 52), Кроос (Модрич, 63), Валверде, Тчуамени, Беллингҳем, Винисиус Жуниор (Васкес, 90), Родриго (Ҳоселу, 63).
Огоҳлантиришлар: Лопес (17), Ферран Торрес (45), Карваҳал (61).
Класико — ҳамиша алоҳида воқеа. Нафақат Испания, балки бутун дунё учун, шунинг учун Хави бундай ўйинлар икки томонда ҳам ҳайрат уйғотувчи ўйинлар бўлиши ҳақида жуда тўғри сўзларни айтди. Шу билан бирга, бу сафар «Монжуик» стадионидаги ўйинда каталонияликлар сафида ҳам, мадридликлар сафида ҳам Куртуа, Эдер Милитао, Педри ва Френки де Йонг каби етакчи футболчилар майдонга туша олмасди.
Левандовски ва Кунде жароҳатдан тузалган бўлса-да, мезбонлар жамоаси бош мураббийи уларни бу мақомдаги ўйинга туширишга шошилмади. Таркиблардаги танлов имкониятлари чеклангани туфайли сюрпризлар ҳам кутиш ўринсиз эди. Менди ўтган турда ҳам чап қанотда ўйнаган, Араухонинг ўнг қанотга кўчирилиши — уни Винисиус Жуниорга бириктириш учунолдинги класиколарда ҳам қўлланган тажриба. Ўнг қанот ҳимоячиси Канселу эса олдинроққа чиқарилиб, тоза вингер сифатида туширилди.
Қанотларга бу қадар жиддий эътибор қаратилгани туфайли илк голли ҳужум марказдан юзага келди. Лекин бунда мезбонларга омад ҳам кулиб боқди, Тшуамени Гундўғанга қайта узатилаётган пасни тўхтатишга уринди, аммо ундан келган тўпни Алаба яна германиялик яримҳимоячига топширди ва кўк-анорранглилар уйдаги класикода 1999 йилдан буён энг тезкор голни урди.
16 дақиқада Кроос Гавининг босими остида тўп йўқотгач, Фермин Лопес жарима майдонига кириб зарба йўллади, аммо тўп устунга тегди. 30-дақиқада Жоау Феликс тўпни Рюдигердан олиб ўтиб, дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб бораётганида эса Карваҳал унинг жарима майдонига кириб боришига йўл қўймади.
«Реал» шундан кейин ҳам ўйинини кучайтиришга ҳаракат қилмади. Мадридликлар дастлабки 45 дақиқаликда голли вазиятларни деярли яратишмади. Рюдигер узоқ масофадан зарба йўллаб кўрди, Карваҳалнинг ўткир бурчакдан йўллаган зарбаси дарвоза тўрига ташқи томондан тегди. Беллингҳем Гави томонидан яхши қўриқланди, Винисиуснинг алдаб ўтишга ҳаракатлари кўп ҳолда тўп йўқотилиши ва унинг ҳакамга эътирозлари билан якунланди. Мадридликлар 2010 йил апрелидан буён илк бор биринчи бўлимда барселоналиклар дарвозаси соҳасига аниқ борган бирорта зарба бера олишмади. Гави ва Фермин майдон маркази учун курашда Беллингҳем ва Кроосдан яққол устун келишди.
Иккинчи бўлим бошида эса Иниго Мартинеснинг бош билан йўллаган зарбаси устунга тегди, қайтган тўпга Араухо йўллаган зарбани Кепа бартараф этди.
Анчелотти ўйинни барқарорлаштириш учун Камавинга ва Модрични майдонга ташлади. Мезбонлар қатор вазиятлардан фойдалана олмаганидан кейин, қоидага кўра ташаббус «Реал»га ўта бошлади. «Барселона» ҳужум чизиғини тўлиқ янгилади – Левандовски, Рафиня ва Ямал майдонга тушди. Аммо голни мадридликлар уришди, 68-дақиқада рақиб жарима майдони яқинида бўш қолдирилган Беллингҳемнинг узоқ масофадан йўллаган зарбасига тер Штеген қаршилик кўрсата олмади.
Дуранг ҳисоб ўйин учун мантиқий якундек кўринаётганди, аммо Беллингҳем яна ўзини кўрсатди. Модрич Карваҳалнинг ўнг қанотдан узатган тўпини ўзига бўйсундира олмади, лекин унинг тегинишидан кейин тўп Жудга бориб тушди. Англиялик футболчи эса яқин масофадан туриб тўпни тер Штегеннинг оёқлари орасидан ўтказди – ва бу ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда рўй берди. Беллингҳэм яна керакли вақтда керакли жойда пайдо бўла олди. Бу дубл орқали у турли класиколардаги турли вазиятлар билан бирга тарихга кирди.
Мадридликларнинг катта ўйинда қаҳрамонлик кўрсатиши кутилган бошқа бир футболчиси Винисиус эса майдонда фақат тортишувлар билан ёдда қолди.
У ҳисоб 2:1 кўринишини олганидан кейин алмаштирилди, аммо майдонни тарк этишда у тилини чиқариб, «Барса» фанатларини мазах қилди. Шу вақт Рафиня югуриб келиб, уни туртиб майдондан чиқаришни бошлади. Можаро юзага келмаслиги учун Анчелотти ҳам вазиятга аралашди ва том маънода шогирдининг қўлидан судраб олиб кетди. Худди ўғил безори ўғилни олиб кетгандек.
Якунда «Реал»нинг «Барселона» билан фарқи тўрт очкога етди, Хави жамоаси «Жирона»дан ҳам шунча фарқ билан ортда қолмоқда.
Манба: Kun.uz
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг