Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 16 ноябрь, пайшанба куни ЖЧ—2026 саралаши доирасида Туркманистонга қарши майдонга тушди.
Учрашув Ўзбекистоннинг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ўйиндан сўнг терма жамоа бош мураббийи Сречко Катанец ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
"Биз ушбу ғалабага лойиқ эдик. Йигитларнинг ўйинидан қониқдим. Улар жуда ажойиб ўйин кўрсатди. Саралашнинг биринчи учрашуви бўлгани учун ҳам бу биз учун муҳим эди. Агар биз ғалаба қозонмаганимизда футболчилар босим остида қоларди. Иккинчи бўлимда яхшироқ ўйин кўрсатдик.
Кетма-кет ҳужумлар натижасида ғалаба қозондик. Ўтган сафарги матбуот анжуманида айтганимдек, бундай майдонда ўйнаш қийинчилик туғдиради. Туркманистон терма жамоаси ушбу майдонда ўйнаб, ўрганган. Бизни терма жамоа эса йилда бир марта бундай сунъий майдонда ўйнашига тўғри келади.
Энг яхши терма жамоалар ҳам бундай майдонда мағлубиятга учраши мумкин.
Эронга қарши ўйингача вақт бор. Шогирдларимни тайёрлашга улгураман. Туркманистонга қарши баҳсдан олдин тўлақонли тайёргарлик кўра олмагандик. Шундай бўлса-да, натижа кўрсатишга муваффақ бўлдик. Эронга келадиган бўлсак, уларда жуда яхши жамоа шаклланган. Шу вақтга қадар Эронга қарши 3 та ўйин ўтказганман, битта ғалаба, битта дуранг ва битта мағлубият қайд этилган. Эрон терма жамоасига қарши қандай ўйнаш кераклигини биламан", - деди Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоасининг Эронга қарши ўйини 21 ноябрь санасига белгиланган.
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг