Бугун Ўзбекистон футзал миллий терма жамоаси Хосе Венансио Лопес қўл остидаги илк учрашувини ўтказади. Испаниялик мутахассис ҳақида билишингиз керак бўлган фактларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Лопес деярли бутун футболчилик фаолиятини туғилиб ўсган шаҳри Бильбаонинг "Леҳона" клубида ўтказган. 80-йиллар охирида у жамоанинг ўйновчи-мураббийи бўлган ва футболчилик фаолиятини якунлаганидан сўнг, мураббийлик соҳасига тўлиқ қадам қўйган. "Леҳона"дан кейин "Бильбао" ва "Кастро" жамоаларига устозлик қилган. Кейин эса бир муддат Испания терма жамоаси мураббийлар штабида ишлаган.
1998 йилда Лопес "Каҳа Сеговия" клубига бош мураббий этиб тайинланди. Ўзининг биринчи мавсумидаёқ у ажойиб муваффақиятларга эришган, чемпионлик, кубок ва Суперкубокни қўлга киритади. Кейинчалик, у клуб билан бирга ўша йиллардаги асосий халқаро мусобақаларда ғалаба қозонади: Европа чемпионлари турнири ва қитъалараро кубоги ғолибига айланади. Яна бир нечта совринларни қўлга киритгандан сўнг, Лопес 2002 йилда "Каҳа Сеговия"ни тарк этган.
2003 йилда Лопес Гватемала терма жамоасини бошқариш орқали хорижда ишлаш тажрибасига эга бўлди, бироқ тез фурсатда Испанияга қайтиб, "Аутос Лобелле" жамоасини бошқаради. 2006 йилда у ўзининг янги клубига Испания кубогини олиб беради.
2007 йилда Лопес Испания терма жамоаси бошқарувига келади. У Хавер Лозано ўрнини эгаллайди. Тайинланганидан икки ой ўтгач, мураббий 2007 йилги Европа чемпионатида жамоани шоҳсупанинг энг юқори поғонасига олиб чиқади. 2008 йилги Жаҳон чемпионатида унинг бошқарувидаги испанлар кумуш, 2010 йилги Европа чемпионатида эса олтин медалларни қўлга киритишади.
Кейинги йил ўзида мундиални қабул қиладиган Ўзбекистон миллий терма жамоага мана шундай тажрибали мураббийни жалб этди.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг