"Навбаҳор" ва "Насаф"нинг натижалари таҳсинга лойиқ — ўзбек клубларининг ОЧЛдаги иштироки мутахассис нигоҳида
Ушбу ҳафтада ОЧЛ гуруҳ босқичи учрашувлари якунига етиб, плей-оффга чиққан жамоалар маълум бўлди.
Якуний натижаларга кўра, Ўзбекистондан "Навбаҳор" ва "Насаф" кейинги босқичга йўлланма олди. ОКМК ва "Пахтакор" мусобақа билан хайрлашди. Эндиликда кейинги мавсумда "шерлар" янги ташкил этилган Элит лигада иштирок этса, "Насаф" ОЧЛда ўйнайди. Мазкур мавзулар юзасидан тажрибали мутахассис Улуғбек Мирзаевнинг фикрлари билан қизиқдик.
- Охирги маротаба 2010 йил Ўзбекистондан икки клуб гуруҳдан чиқиш вазифасини бажарган. Бу йил 4 та клубимиз ОЧЛда қандай таассурот қолдирди?
- Умумий қилиб айтганда, ОЧЛда клубларимиз ўзбекистонлик мухлисларга хурсандчилик келтирди. "Насаф"нинг гуруҳда биринчи ўринни, "Навбаҳор"нинг энг яхши иккинчи ўринни эгаллаши ёки "Пахтакор"да охирги тургача имкониятни сақлаб қолганини айтиш мумкин. "Пахтакор" ғалаба қозонганида энг яхши иккинчи ўрин билан гуруҳдан чиқар эди. Осиёда Саудия Арабистонидан кейин Ўзбекистондан 2 та жамоамизнинг плей-оффга йўлланма олгани яхши натижа бўлди. Тўғри, ОКМКнинг иштироки кўп мухлисларни хафа қилди. Нима ҳам деймиз, бу – футбол. Олдин ҳам 2 та жамоамиз бундай натижани қайд этган, лекин тарихда илк бор икки вилоят жамоаси гуруҳда муваффақиятли қатнашди. "Насаф" ва "Навбаҳор"нинг кўрсаткичлари таҳсинга лойиқ. Қуръада омад ҳам "Навбаҳор"га кулиб боққанини кўрдик. "Нассажи Мозандарон" ва "Мумбай Сити" "лочинлар"га қаршилик кўрсата олишгани йўқ. ОКМК "Ал Иттиҳод" ва "Сепахон" каби кучли рақиблар билан тўқнаш келди. Одатда Ироқ чемпионатини кучли деб ўйламаймиз, лекин "Эйр Форс" ўз кучини кўрсатди. "Пахтакор"да барчаси ўз қўлида эди. Шунга қарамасдан, 2 та клубимизнинг кейинги босқичга чиққанини муваффақиятли дейиш мумкин.
- Қайси клубимиз кутилганиданда яхши қатнашди? ОЧЛнинг куз-баҳор тизимига ўтгани ўз таъсирини ўтказдими?
- "Насаф" гуруҳда "Ал Садд", "Шаржа"ни ортда қолдириб, биринчи ўринни олгани, "Ал Файсали" сўнгги турда "Шаржа"ни ютиб, "Насаф"га ёрдам бериб юборганини ҳисобга олсак, кутилганидан яхши иштирок этди. "Навбаҳор" ҳақли равишда иккинчи ўринни олди. Куз-баҳор тизимига ўтгани жамоаларимизга ёрдам берди. Рақиб жамоалари ҳали формага кириб олмаган бўлса, мавсум охирига келиб бизда тақвим зич бўлиб кетди. Футболчилар Суперлига, Ўзбекистон Кубоги, терма жамоа ўйинлари, ОЧЛда жуда кўп учрашувлар ўтказишди. Бу томондан уларга оғир бўлди. Шунинг учун куз-баҳор тизимида кейинги мавсумда турлар камайтирилса, жамоаларимизга енгилроқ бўлар эди.
- Мутахассис сифатида айтинг-чи, халқаро ўйинларда клубларимиз кўпроқ қайси факторларда рақиблардан ортда қолди?
- Ўйин томонлама ортда қолгани йўқ, бироқ кўрган бўлсангиз, бой араб жамоалари Ўзбекистонга чартер рейс билан етиб келди. Жамоаларимиз эса бошқа мамлакатга транзит орқали етиб боришга мажбур бўлишди. Бу жараён футболчиларни анча толиқтирди. Зич тақвимдан ташқари улар йўл азоби билан ҳам курашишди. Араб жамоаларида легионерларининг кучлилиги яна бир муҳим фактор бўлди. Легионерлар кўп ҳолатларда ўйинни ҳал қилиб кетишди. Мана шу икки нарса халқаро майдонда кўзга ташланди.
- Кейинги йилдан янги ташкил этилган Элит лига ҳақида фикрингиз қандай?
- ОЧЛнинг иккита турнирга бўлиниши тижорат нуқтаи назаридан амалга оширилаётганини барча билиб турибди. Кўряпсизки, Саудия Арабистони жамоалари ЕЧЛда қатнашишни кўзламоқда. 2034 йилги Жаҳон чемпионати олдидан катта инвестиция жалб қилмоқда. Керак бўлса, АПЛ жамоаларидан футболчи тортиб оляпти. Бу араб давлатлари вакилларининг ташаббуси деб ўйлайман. Криштиану Роналду, Карим Бензема жамоалари иштирокидаги ўйинларни кўпайтириб, трансляция, реклама, мухлислардан футболга даромад келтиришни ўйлашмоқда. Мукофот пули ҳам ОЧЛникидан каттароқ. Иккинчи Чемпионлар Лигасида мамлакатимиз шарафини "Насаф" ҳимоя қилади. Ўйлайманки, "Насаф"да муваффақиятли қатнашиш учун имконият кўпроқ бўлади. Элит турнир катта эҳтирослар остида ўтса керак. Кучли жамоалар бир-бирига тўқнаш келади. Иккинчи ОЧЛ ҳам бундан кам руҳда ўтмайди. Ўзбек жамоалари иккисида ҳам муносиб қатнашишади. Бунинг учун жамоаларимиз, айниқса, "Пахтакор" таркибни кучайтириши керак. Элит лигада "Аҳал"дек жамоалар эмас, Осиё грандлари бўлади.
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг