"Ланс" таркибида ҳаракат қилаётган Абдуқодир Ҳусанов учун кейинги кунлар жуда муҳим бўлиши мумкин. Мавсум бошидан бери 260 дақиқа майдонда ҳаракат қилган ватандошимизнинг сўнгги пайтларда ҳам захирадан ўйинга қўшилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Эндиликда у учрашувларни асосий таркибда бошлаш имкониятига эга бўлиш эҳтимоли жуда юқори.
"Ланс"ни олдинда Франция чемпионати доирасида "Реймс"га қарши баҳс кутиб турибди. Учрашув қайдномасига жамоанинг икки асосий ҳимоячилари Жонатан Градит ва Факундо Медина каби футболчилар киритилмади.
Маълум бўлишича, 31 ёшли Градит "Севилья"га қарши ўйинда жароҳат олган ва қанчага сафдан чиққани аниқ эмас, лекин айрим манбалар уни кейинги йилда майдонга қайтишини тахмин қилмоқда. Агарда миш-миш рост бўлиб чиқса, Ҳусанов учун кейинги ўйинларда ҳам кўпроқ дақиқа берилади. Медина эса сариқ карточкалари кўпайиб кетганлиги сабабли "Реймс"га қарши учрашувни ўтказиб юборади. Қайдномага эътибор берсак, "Ланс Б"дан Кени Мбала мазкур ўйинга чақирилганини кўришимиз мумкин. У ҳали асосий жамоада майдонга тушмади.
Ҳусанов нафақат "Реймс"га қарши учрашувда, балки 17-тур доирасида "Ницца" билан бўлиб ўтадиган ўйинда ҳам бошланғич таркибда майдонга тушиши мумкин. Сабаби, Кевин Дансонинг карточкалари сони 3 тага етди ва қонун бўйича кейинги турни ўтказиб юбориши керак. Градит ҳам ҳали сафга қайтишга улгурмаса, Абдуқодир учун имконият пайдо бўлади.
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг