16:15 / 14.01.2024
666

Ҳусановнинг ўйинига Европадан қандай муносабат бўлди?

Ҳусановнинг ўйинига Европадан қандай муносабат бўлди?

Сречко Катанец бош мураббийлигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси Қатар мезбонлик қилаётган Осиё кубогининг дастлабки турида биринчи очкосини қўлга киритди.

Аслида Осиё кубогидаги илк рақиб – Сурия футболчиларига қарши учрашувда кўпчилик терма жамоамиздан ғалаба кутганди. Бироқ сурияликлар билан рақобат доимо юқори даражада бўлган ва ўзаро учрашувлар статистикасида ҳам устунлик араблар томонида.

Статистикага ихтисослашган wildstat.ru сайтида Ўзбекистон ва Сурия Қатардаги учрашувгача расмий ва ўртоқлик баҳслари жами олти маротаба тўқнаш келган ва уларда ўзбекистонликлар иккита ғалаба, сурияликлар эса учта марта зафар қучгани қайд этилган. Бу галги ўйин еттинчи беллашув бўлди ва унинг натижаси иккинчи дуранг сифатида тарихга ёзилди. Тўплар нисбати ҳам тенг – 5:5.

Адолат юзасидан айтиш керакки, Осиё кубогининг биринчи туридан ўрин олган учрашувда қисман устунлик ўзбек футболчилари томонида бўлди. Айниқса, иккинчи бўлим охирларида ҳамюртларимиз Аббосбек Файзуллаев ва Шерзод Насруллаев фаоллиги эвазига ғалаба тўпини киритиш учун яхши имкониятларни юзага келди.

Осиё кубогида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиш учун Қатарга “Ланс” жамоаси ўз ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановни юборган. Францияликлар 19 ёшли ҳимоячи орқали миллий терма жамоамиз ўйинларини ҳам кузатиб бормоқда.

“Ланс” фаолиятини ёритишга ихтисослашган lensois.com  сайти эксперти Кристоф Шаад легионеримизнинг Осиё кубогидаги дебют учрашувини баҳолади.

- “Ланс” ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов Қатардаги Осиё кубогида дебют ўйинини ўтказди. Унинг терма жамоаси турнирни Сурия терма жамоаси билан кутилмаган дурангдан бошлади.

Лансликлар вакили учрашувни тўлиқ ўтказди. Беллашувнинг 54 дақиқасида огоҳлантириш олди. Бу гуруҳдаги иккинчи баҳсда Австралия терма жамоаси Ҳиндистон футболчиларини 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Мусобақа қоидасига кўра, олти гуруҳдан дастлабки икки ўринни эгаллаган ва энг яхши кўрсаткичга эга учинчи ўриннинг тўрт соҳиби 1/8 финалга чиқади.

Осиё кубогининг иккинчи тури муҳим аҳамият касб этади. Абдуқодир Ҳусанов ва Ўзбекистон терма жамоаси 18 январь куни Ҳиндистон футболчилари билан беллашади. Бўлажак баҳсдаги ғалаба ўзбекистонликларга Австралияга қарши ўтказиладиган 23 явнардаги  учинчи турдаги ўта мураккаб ўйин олдидан гуруҳда камида учинчи ўринни эгаллаш имкониятини таъминлайди, - деб ёзди Кристоф Шаад.

Абдуқодир Ҳусанов 2023 йилнинг 11 июнидан Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси ҳисобланади. 19 ёшли футболчи ҳозирга қадар мамлакатимиз бош жамоасида саккизта учрашув ўтказган.

Яқинда Испаниянинг AS нашри Абдуқодир Ҳусанов ва Аббосбек Файзуллаевни Қатардаги Осиё кубогининг энг истеъдодли футболчилар қаторида эътироф этган эди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ҳусановнинг ўйинига Европадан қандай муносабат бўлди?