11:05 / 29.01.2024
498

Паулу Бенту: "Осиё кубогида бунча хато кечирилмайди. Тожикистонга омад тилайман"

Паулу Бенту: "Осиё кубогида бунча хато кечирилмайди. Тожикистонга омад тилайман"
Осиё кубоги нимчорак финал босқичидан ўрин олган Тожикистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги ўйиндан сўнг БАА бош мураббийи Паулу Бенту матбуот анжуманида қатнашди.

- Жаноб мураббий, ўйин ҳақидаги фикрингиз қандай?
- Жуда қийин ўйин бўлди. Тартибли жамоага қарши ҳаракат қилдик. Тожикистон ҳужумда жуда тезкор ўйинчиларга эга терма ҳисобланади. Бундай жамоага қарши қийин бўлиши аниқ эди. Биринчи бўлимда ўйинни яхши назорат қилгандик. Иккинчи бўлимда биринчи тайм каби ҳаракат қила олмадик. Дастлабки 45 дақиқаликдаги ҳисоб адолатли бўлди, дея олмайман. Пенальтилар сериясида Тожикистонга омад кулиб боқди. Уларни табриклайман. Ўйинчиларимга ҳаракат қилганлари учун миннатдорчилик билдираман. ЖЧ саралаш ўйинларида яхшироқ ҳаракат қиламиз. Кўп жиҳатлар бўйича ўз ўйинимизни ривожлантиришимиз керак.

- Бундай мағлубиятдан кейин сиз ва БАА футболи раҳбарияти ўртасидаги муносабат қандай бўлади? Терма жамоадаги келажагингизни назарда тутяпмиз...
- Мағлубиятдан сўнг шундай саволлар берилиши тайин. Мен ўз ишимни чин дилдан бажаряпман. Жаҳон чемпионати саралаш ўйинларига бор кучимизни берамиз. Айнан ҳозир бу саволга жавоб бера олмайман.

- Иккинчи бўлимда айнан нима юз берганини айта оласизми?
- Иккинчи бўлимда эффектив ўйнай олмадик. Бу таймда рақиб ўзи истаган ишни амалга ошира олди. Ҳимоячиларимиз жуда кўп югуришларига тўғри келди. Биринчи бўлимда яхшироқ ҳужум қилгандик. Иккинчи таймда эса ҳужум қила олмадик. Фарқ шунда.

- БАА терма жамоаси турнирни эрта тарк этишига нима сабаб бўлди?
- Ғалаба ва омадсизлик ёнма-ён юради. Яқин ўтмиш билан солиштирсак, баъзи жиҳатлар бўйича яхшироқмиз. Ҳозир ўз ўйинимизни анализ қилишимиз керак. Осиё кубогида ёмон натижа қайд этдик, буниси аниқ. Жуда кўп хатолар қилдик. Осиё кубоги каби турнирда бунча хато кечирилмайди. Бугун ҳам шундай бўлди, гуруҳ босқичида ҳам.

- Жамоани қуришда давом этасизми? Келажакдаги режалар қандай?
- Мен иложи бор бўлган энг яхши жамоани қурмоқчиман. Бироқ, жуда кўп қийинчиликка дуч келмоқдамиз. Бу мусобақада ёмон ҳаракат қилдик. ЖЧ саралаш ўйинларида бизда яхши имконият бор. Яна 6 очко тўпласак, кейинги босқични кафолатлаймиз. Осиё кубогидан сўнг, асосий мақсадимиз Жаҳон чемпионати саралаши бўлади.

- Тожикистон каби терма жамоалар катта ўсишга эришганини кўриб турибмиз. Шахсий фикрингизча, бунга сабаб нима?
- Тожикистон бу йўлда қандай ишлаётганини билмайман, аммо ўсишга эришишгани аниқ. Ўтган матбуот анжуманида Тожикистонга қарши ўйин жуда қийин бўлишини таҳмин қилгандим. Шундай ҳам бўлди. Ўйиннинг баъзи нуқталарида Тожикистон биздан кучлироқ эди. Улар ўзларига керакли нарсага эга чиқишди. Мусобақа давомида Тожикистон термасига омад тилаймиз.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Паулу Бенту: "Осиё кубогида бунча хато кечирилмайди. Тожикистонга омад тилайман"