22:51 / 02.02.2024
570

Ўзбекистон Қатарни ютадими? Терма жамоамизни яхши биладиган экспертлар хулосаси

Ўзбекистон Қатарни ютадими? Терма жамоамизни яхши биладиган экспертлар хулосаси
Осиё кубогида муваффақиятли иштирок этаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси мусобақанинг чорак финалида жиддий рақиб – Қатарга тўқнаш келади.

Рақибнинг энг катта устунлиги – ўз майдонида ўйнаётгани. Футболда “ўз уйингда деворлар ҳам ёрдам беради”, деган гап бекорга айтилмаган. Шундай бўлса-да, мухлисларимиз футболчиларимизнинг шижоатига чин дилдан ишонмоқда.

Сречко Катанец жамоаси таркибдаги кутилмаган ва жиддий йўқотишларга қарамай, ҳозирча барча тўсиқлардан матонат билан ўтиб келяпти.

Футболчилик ва мураббийлик фаолияти давомида Ўзбекистон терма жамоасига меҳнати сингган экспертлар футболчиларимизнинг бўлажак учрашувдаги имкониятини баҳолади.

Андрей Фёдоров, 1994-2006 йиллар давомида Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчиси:

Ўзбекистон терма жамоаси Осиё кубогининг чорак финалида ўйнашга муносиб. Менга бош мураббий ёшидан қатъи назар жамоага мамлакатнинг энг кучли футболчиларини жалб қилгани ёқди. Чорак финал бу жамоа учун камлик қилади. Қатарга қарши ўйинда имконият яхши. Ким ўйнашини мураббий ҳал қилади, лекин таркиб жиҳатидан Ўзбекистон бу жамоани мағлуб эта олади.

Ҳозир плей-офф босқичи, ҳар қандай жамоа битта ўйинда кутилмаган натижа қайд этиши мумкин. Мусобақада Япония ёки Жанубий Корея каби жамоалар бўлса ҳам, нега Ўзбекистон ғалабага даъво қилмаслиги керак?

Валерий Непомняший, 2006 йили Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи:

Тарихдан маълумки, Ўзбекистон Осиё кубокларида доим яхши қатнашиб келади. Бу йил ҳам жамоанинг муваффақиятли иштироки мен учун кутилмаган натижа бўлгани йўқ. Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ҳам зўр ўйнайди. Қатардан ўтиш қийин, лекин футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда футболга жиддий эътибор қаратиляпти. Вазият йилдан йилга яхшиланиб боряпти. Ҳозирча, Европа жамоалари Ўзбекистон футболчиларига эътибор қаратишини айтиш қийин. Лекин шунга қарамай, ёрқин мисол бор – Элдор Шомуродов. Афсуски, ҳозир у қатнашмаяпти. Аббосбек Файзуллаев ЦСКА учун ҳам зўр ўйнаяпти.

Руслан Агаларов, Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ футболчиси:

Жамоалар чорак финалга тасодифан чиқмайди. Осиё кубогида Ўзбекистон ва Қатар терма жамоалари шу босқичгача чиқибдими, демак чорак финалда ўйнашга лойиқ.

Менимча, терма жамоани алоҳида шахсларга боғламаслик керак. Чунки у ерда жамоа ўйнайди. Ҳамма қўлидан келганича ўз ҳиссасини қўшади. Бу уларнинг ҳар бири учун жуда муҳим. Аббосбек Файзуллаевдан ташқари, Остон Ўрунов бор ва у рақиб дарвозаси олдида хавфли вазиятларни юзага келтирмоқда. Мен эса, бутун жамоани эътироф этмоқчиман. Чорак финалда уларнинг бутун бир жамоа бўлиб ҳаракат қилишини кўришни истайман.

Қатар ва Ўзбекистон миллий терма жамоалари ўртасидаги чорак финал учрашуви 3 февраль куни Тошкент вақти билан соат 19:30 да бошланади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистон Қатарни ютадими? Терма жамоамизни яхши биладиган экспертлар хулосаси