11:27 / 17.02.2024
421

Ҳусановнинг Европа лигасидаги дебюти қандай баҳоланди?

Ҳусановнинг Европа лигасидаги дебюти қандай баҳоланди?
Абдуқодир Ҳусанов Европа кубокларида иштирок этаётган ягона ўзбек футболчиси бўлиб турибди. Ўтган йили ёзда Франция вице-чемпиони “Ланс” сафига қўшилган ҳамюртимиз жорий мавсумда Европа Чемпионлар лигасида дебютини нишонлаган эди.

“Ланс” футболчилари “кўҳна қитъа”нинг энг муҳим турнирида гуруҳ босқичидан ўта олмади ва учинчи ўрин соҳиби сифатида нуфузи жиҳатидан иккинчи ўринда турадиган Европа Лигасида давом эттириб курашиш имконига эга бўлди. Бунинг учун лансликлар ўтиш ўйинларида муваффақият қозониши лозим.

Ўзига хос плей-оффда “Ланс”га Германиянинг ўртамиёна жамоаларидан “Фрайбург” рўбарў келди. Францияда ўтказилган биринчи учрашувда мезбонлар устунлик қилган бўлса-да, беллашувда ҳисоб очилмай қолди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида Қатардаги Осиё кубогида иштирок этган Абдуқодир Ҳусанов “Ланс” таркибига қўшилган бўлишига қарамай, клубида янги йилда ҳали бирорта учрашув ўтказмаганди.

“Ланс” бош мураббийи Франк Хейз ўзбек легионерини “Фрайбург”га қарши баҳснинг 88-дақиқасида майдонга туширди. Шу тариқа, Ҳусанов бир мавсум ичида Европанинг икки нуфузли турнири – Европа Чемпионлар лигаси ва Европа Лигасида дебют қилган ўзбек футболчиси сифатида тарихга кирди.

Учрашувдан кейин бош мураббий Франк Хейз ва “Ланс” мухлислари Абдуқодир Ҳусановнинг қисқа вақт, лекин ишончли ўйини бўйича ўз фикр-мулоҳазалари билдирди.

Франк Хейз, “Ланс” бош мураббийи:
- Ҳужум уюштириш борасида ҳар доим ҳам яхши ўйин кўрсата олмадик. Айрим ўйинчилар ўзини кутилган даражада кўрсата олмади. Энди Диуф жуда кўп техник хатога йўл қўйди. Майдонга Анжело Фульжини ва Уэсли Саиднинг туширилиши сўнгги дақиқаларда устунлик қилишимизни таъминлади. Биз рақибга босимни кучайтирдик. Уэсли Саид Абдуқодир Ҳусанов уни қулай позицияга чиқарганида аниқроқ ўйнаши керак эди, лекин у ғалаба келтириши мумкин бўлган вазиятни қўлдан бой берди.

Moreira_du_63, “Ланс” мухлиси:
- Бу ўйинда Уэсли Саид зўр имкониятни қўлдан чиқарди. Саид ўйин охирида Абдуқодир Ҳусанов ёрдамида биринчи голини уриши мумкин эди. Афсуски, у ишончимизни оқлай олмади.

Tintin80, “Ланс” мухлиси:
- Жавоб учрашувида Кевин Дансо қатнашмайди. Унинг ўрнини фақатгина Абдуқодир Ҳусанов босиши мумкин. Дастлабки баҳсда Дансо ҳимояда жуда зўр ўйнади. Яқин келажакда ўзбек футболчиси унга муносиб ўринбосар бўла олади.

Polo5906, “Ланс” мухлиси:
- “Фрайбург” майдонида бўладиган жавоб беллашувида Кевин Дансо бизга ёрдам бера олмайди. У сариқ карточкалари тўпланиб қолгани учун битта учрашувни ўтказиб юборади. Мен унга ўринбосар сифатида фақат Ҳусановни кўряпман. Абдуқодир кейинги баҳсда ҳимоя марказини ушлаб бериши керак бўлади.

Эслатиб ўтамиз, “Фрайбург” ва “Ланс” ўртасидаги жавоб учрашуви 22 февраль куни Германияда ташкил этилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ҳусановнинг Европа лигасидаги дебюти қандай баҳоланди?