Бокс бўйича супер ярим ўрта вазн тоифасида ўзбекистонлик Исроил Мадримов WBA камари соҳибига айланди. Чемпион Kun.uz билан суҳбатда спортга кириб келиши, олдиндаги режалари, мувафаққиятида оиласининг муҳим рол тутиши ва бошқа мавзуларда гапирди.
— Узоқ кутилган чемпионлик камарини қўлга киритдингиз. Бу йўлни қандай босиб ўтдингиз?
— Спортчи бошлаган йўлида олдига мақсад қўяди. Менда ҳам мақсад чемпионлик камарини қўлга киритиш эди. 2018 йилдан буён 6 йил давомида шу йўлда ҳаракат қилдик ва камарни Ўзбекистонга олиб келдик.
— Чемпионлик камари, президент совғаси ва ҳарбий унвон — қайси бири кўпроқ ҳаяжонли бўлди?
— Спортчилар биринчи навбатда халқаро майдонда ватан байроғини юқори кўтаришни истайди. Шу маънода Ўзбекистон номидан чемпионлик камарини қўлга киритишим энг ҳаяжонлиси бўлди. Лекин президент совғаси ҳам мен учун кутилмаган бўлди, эътирофдан хурсанд бўлдик. Шундан сўнг генералимиз томонидан майор унвони берилди, бу ҳам қувончимизга қувонч қўшди. Ички ишлар ходими ҳисобланаман. Бу тизим — катта структура, хизмат қилишнинг ўзи — бир шараф.
— Олдиндаги режаларингиз қандай?
— Кейинги жанглар яна ҳам оғир кечади. Камарни ютишдан кўра уни ҳимоя қилиш қийинроқ. Ҳимоя қилиш билан бирга бошқа камарлар учун ҳам ҳаракат қиламиз. Ўзбекистонга 4 та камарни ҳам олиб келмоқчиман.
— Чемпионлик жангингиз дастлаб бекор қилинди. Аслида нима бўлганди?
— Англия томонидан тиббий кўрик ўтказилади. Кичик бир хато туфайли ҳам жанг бўлмаслиги мумкин, бизда ҳам худди шундай ҳолат бўлди. Текширувда ҳаммага қўлланадиган атамани менга ҳам ёзиб юборишган экан. Кейин қайта текширтирдик, хато кетгани аниқланди.
— Жанг учун гонорар олмадингларми? Рақибингиз Магомед Қурбонов шундай деди.
— Иккимизнинг ҳам мақсадимиз камар учун жанг эди, гонорар у қадар муҳим эмасди. Лекин текин ҳам эмасди, кам миқдорда гонорар бўлган.
Ўтган йили сентябр ойидан тайёргарлик бошланган. Жанг ноябрда бўлиши керак эди. Кейин сурилиб-сурилиб охири март ойида тўхталдик. Бунча кўп вақт ўтгандан кейин гонорар муҳим эмасди, тезроқ жанг ўтиши тарафдори эдик.
— «Устозингиз» Муроджон Аҳмадалиевнинг далдаси қанчалик ёрдам берди?
— Муроджон Аҳмадалиевнинг мураббийлик қобилияти бор ростдан ҳам. Кўп спортчилар мураббийликни эплай олмайди, лекин Муроджонда бу жиҳат бор. Менга секундантлик қилиб, анча далда бўлди. Рингда ўзбекча янграётган кўрсатмалар бошқача таъсир қилади.
— Жанг учун тайёргарлик қандай кечди?
— АҚШда 3 маҳал машғулот олиб борардик, Ўзбекистонда эса 2 маҳал. Айтганимдек, тайёргарлик ярим йилга чўзилиб кетди. Бир жанг учун тайёргарлик 3 ой, нари борса, 4 ой бўлади одатда. Ярим йиллик машғулотлар қийнаб қўяди, доимий спорт формани ушлаш ва вазнни бир меъёрда сақлаш қийин.
Вазн ушлаб туриш осон бўлмайди, айниқса, Ўзбекистонда эканлигингизда. Америкада диета ушлаш қийин бўлмаган, атрофдагилар ҳам шундай эди. Ўзбекистонда эса ҳамма кучли овқатлар ейди, мен эса қилишга мажбур бўлардим. Бу руҳан осон эмас. Ёнингиздагилар ош еяётганда, қийналасиз.
— Боксчининг руҳий ҳолати қанчалик муҳим?
— Жангга таъсир қилади. Шу сабаб биринчи навбатда руҳий ҳолатга эътибор берилади. Имкон қадар хотиржам муҳит яратамиз, ёмон хабарлардан тийиламиз, ҳар бир нарса таъсир қилиши мумкин.
— Боксга қандай кириб келгансиз?
— Биринчи устозларим — Жабборов Қувондик, Курязов Баҳром, Ибодуллаев Руслан. Ота-онам ҳам спортга қизиқишган. Отам боксчи бўлолмагани сабаб мени спортга йўналтириб, имконият яратиб берган. Қишлоқда ўсганман, лекин ота-онам ишга кўмиб ташламасдан, спорт билан шуғулланишимга шароит қилиб беришган.
— Бокс сиз учун нима?
— Бокс мен учун оиламга яхши шароит яратиб бериш воситаси, десам ҳам бўлади.
— Фаолиятингиздаги энг ноқулай рақиб ким бўлган?
— Уолкер. АҚШда 12 раунд жанг қилганмиз. Очколар ҳисобига ғалаба қозонганман.
— Боксдан кетиш ҳақида ўйлаганмисиз?
— Афсусланиш бўлмаган. Лекин ҳар бир спортчида бўлгани қийинчиликлар ўтган. Мағлубият ҳаммада бўлади, чунки ютқазмаган спортчи ғолиблик ҳиссини билиши қийин. Катталар спортига ўтган вақтимда Осиё чемпионатида биринчи жангдаёқ енгилганман, оғриқли бўлган. Ортидан Ўзбекистон чемпионатида ҳам мағлубиятга учраганман. Фаолиятимдаги энг стрессли пайтлар эди. Спортни давом эттиришга хоҳиш пасайган, боксдан кетиш хаёллари ҳам бўлган ўшанда. Лекин мураббийларим, ота-онам тўғри йўл кўрсатишган ва вазиятдан чиқиб кетганман. Мураббийимиз Тўлқин Қиличев бир ҳафта ўтиб, бошқа мусобақага юборган. У ерда юқори вазн тоифасида қатнашганман ва натижалар яхши бўлган. Кўп кутмасдан мусобақага юборишгани стрессдан чиқишимга сабаб бўлган.
— Ҳоббийингиз нима?
— Спортчилар одатда оиласидан узоқда бўлади, шу сабаб боксдан ташқарида кўпроқ оилам билан вақт ўтказишни истайман. Ёки дўстлар билан футбол ўйнаймиз.
— Боксчи бўлмаганингизда қайси касбни танлардингиз?
— Бу саволга жавоб бериш қийин, чунки ёшликдан спортга қизиқиш бўлган, шу сабаб бошқа касб ҳақида ўйлаб кўрмаганман.
Боксдан ташқари футбол ўйнашни яхши кўраман. Ўзи умуман, футболни кўпчилик яхши кўради бутун дунёда, шу жумладан, биз ҳам.
— Фаолиятини давом эттираётган дунёнинг ва Ўзбекистоннинг энг яхши 3 футболчиси ким?
— Роналду, Месси ва Ҳоланд. Ўзбекистондан Машарипов, Шомуродов ва Файзуллаев.
— Шогирдларингиз борми?
— Шогирд олишим ва бокс мактабим бор-йўқлиги борада саволлар кўп берилади. Ҳозирча йўқ, чунки спортчимиз, бошқа томонларга чалғий олмаймиз. Қачонки спортчилик фаолиятимни тугатсам, шунда бу борада ўзимни синаб кўришим мумкин.
— Неча ёшгача жанг қилмоқчисиз?
— Соғлиққа боғлиқ. Спортчига, умуман, инсонга биринчи навбатда соғлиқ муҳим, албатта. Спортчининг фаолиятини вақтида тугатиши ҳам унинг қай даражада профессионал эканини кўрсатади. Пасайишни сезсам, фаолиятимни тўхтатишга ҳаракат қиламан. Спортда жароҳатлар ҳам бўлади. Бу кўпайиб кетса, соғлиққа зиён. Иложи бўлса, 4 та камарни қўлга киритганимдан кейин фаолиятимни тугатаман.
— Париж Олимпиадасида ўзбек боксчиларидан қандай натижа кутяпсиз?
— Катта натижалар кутяпмиз. Чунки жамоамиз таркибида тажрибали спортчилар йиғилган — Ҳасанбой Дўстматов, Абдумалик Ҳалоков, Руслан Абдуллаев, Асадхўжа Мўйдинхўжаев кабилар. 80 кгда янги спортчимиз Тўрабек Ҳабибуллаев, 92 кгда ЖЧ совриндори Лазизбек Муллажонов, оғир вазнда Баҳодир Жалолов ҳам бор. Таркиб жуда кучли. Яхши натижалар бўлади, деб ўйлайман.
— Ёш спортчиларга қандай маслаҳатлар берасиз?
— Фақат меҳнат қилишлари керак, шунда натижа бўлади. Мағлубиятларда ва турли қийин вазиятларда спортни ташлаб кетмаслик керак. Кўпчилик ёшлар биладики, ҳаракат қилган натижага эришади. Чунки охирги йилларда бокс бўйича чемпионларимиз кўпайди, рақобат кучли, ҳар йили янги чемпионлар чиқяпти. Хуллас, меҳнат қилишса бўлгани. Жаҳон ареналарида ортида ватан турганини ҳис этиб чиқишсин.
Ҳасан Юсупов суҳбатлашди
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади