19:51 / 01.08.2024
248

Туркиялик мерган Париж Олимпиадаси юлдузига айланди: Юсуф Дикеч ўзи ким?

Туркиялик мерган Париж Олимпиадаси юлдузига айланди: Юсуф Дикеч ўзи ким?
Фото: Ижтимоий тармоқлар
Олимпиаданинг пневматик тўппончадан ўқ отиш бўйича аралаш жуфтликдаги баҳсларда туркиялик Юсуф Дикеч ва Севвал Илайда кумуш медални қўлга киритди. 51 ёшли Юсуф Дикечнинг 10 метр масофадан ҳеч қандай махсус экипировкаларсиз баҳсларда қатнашгани тармоқларда шов-шув кўтарди.

Одатда ушбу спорт турида спортчилар ўқ отиш вақтида қуёш нурларидан қочиш учун махсус кўзойнак, шовқинларни қайтарувчи қулоқчин тақишади. Баъзида эса нишонга олиш вақтида тебранишларни камайтириш ва улардан қочиш учун қаттиқ чармдан ишланган енги узун курткалардан ҳам фойдаланишади.

Юсуф Дикеч 4 йилликнинг энг йирик спорт мусобақасида шу каби экипировкаларсиз, оддий кундалик кўзойнаги билан қатнашди. Унинг нишонга олиш ва ўқ отиш услуби кинолардаги киллерларни эслатиб юборади. Юсуф бир қўлини чўнтагига солган ҳолда иккала кўзи билан нишонга қарайди ва шунчаки хотиржамлик билан ўқ узади.

Умуман олганда, Юсуф Дикеч ўзига хос спортчи. Олимпиаданинг бошқа иштирокчиларидан у ҳарбий ўтмиши орқали ажралиб туради. Юсуф турк жандармериясининг истеъфодаги кичик офицери.

Дикеч 2006 йил Норвегияда ҳарбийлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида тўппончадан 25 метрдан ўқ отиш бўйича жаҳон рекордини ўрнатади. 2008 йилдан Олимпиадаларда қатнашиб келади. У ва ниҳоят Париж Олимпиадасида ўзининг илк медалини қўлга киритди.

Фото: Anadolu Agency
Юсуф ўзининг отиш услуби орқали тармоқлар юлдузига айланди. Спорт ихлосмандларининг кўпчилиги ҳатто наҳотки Туркия Олимпиадага профессионал киллерни юборган бўлса деб ҳазил аралаш изоҳлар ёзишди.

Айримлар эса уни ҳар хил ашқол-дашқолларсиз саёҳатга жўнайдиган йигит сифатида эътироф қилган.

Бошқалар бўлса уни таниқли актёр Киану Ривз гавдалантирган “Жон Уик” фильмидаги бош қаҳрамон Жон Уикка қиёслаган.

Яна бир тармоқ фойдаланувчиси: “Турк бир кўзойнак билан келиб, Олимпиаданинг кумуш медалини ютиб кетди”, — дея ёзган.

Дикеч ўзи эса бу ҳақда шундай дейди: “Менга махсус жиҳозлар керак эмасди. Чунки мен туғма отувчиман”.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Туркиялик мерган Париж Олимпиадаси юлдузига айланди: Юсуф Дикеч ўзи ким?