11:09 / 22.08.2024
383

“Ланс” устози Ҳусанов мухлисларига ёқадиган гап айтди

“Ланс” устози Ҳусанов мухлисларига ёқадиган гап айтди
Ўзбекистон терма жамоасининг иқтидорли марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов Европанинг топ-лигасига бориб, “Ланс” жамоаси сафига қўшилганига бир йил бўлди.

Ҳусанов трансфер қилинган даврда “Ланс” Франциянинг вице-чемпиони мақомига эга эди. Лигада фақат қудратли ПСЖдан ортда қолган лансликлар Беларусь чемпионатидан ҳали ҳеч ким танимайдиган ўзбек футболчисини олиб келгани катта шов-шув бўлганди.

Абдуқодир ўзига берилган имкониятдан унумли фойдалана олди, дейиш мумкин. Ҳамюртимиз топ-лигадаги дебют мавсумида асосий таркибда муқим ўринга эга бўлган тажрибали марказий ҳимоячилар майдонга туша олмаганида уларнинг ўринбосари сифатида ўйнади. Ўзи иштирок этган ўйинларнинг аксариятида бошланғич таркибда ҳаракат қилди.

Ҳар ҳолда Абдуқодир ёшлик ва тажрибасизлик каби жузъий камчиликларни шиддатли ўйини, ҳайиқмай ҳаракат қилиши, меҳнаткашлиги билан ёпа олди.

Франция чемпионатидаги биринчи ўзбек футболчиси сифатида тарихга кирган 20 ёшли футболчимиз ўтган мавсумда Лига 1 ўйинларида 11 маротаба майдонга тушди. Шунингдек, УЕФАнинг энг нуфузли икки мусобақаси – Чемпионлар лигаси ва Европа Лигасида иккитадан беллашувда қатнашди.

Ёзда “Ланс” таркибида жиддий ўзгаришлар рўй берди. Биринчи навбатда, бош мураббий курсисини Уилл Стилл эгаллаганини айтиш лозим.

Асосий ҳужумчи Элье Вахи таркиби қайта тузилган “Марсель”га ўтиб кетди. Нил Ал-Эйнауининг “Монако”га трансфери сўнгги паллада амалга ошмай қолди. Айни пайтда “Ланс” ҳимоя чизиғи етакчиси Кевин Дансонинг трансфери бўйича иш олиб борилмоқда. Австрия терма жамоаси ҳимоячисига “Аталанта” жиддий харидор бўляпти.

“Ланс” мухлислари ва ҳатто клуб мутасаддиларини ҳам Кевин Дансо кетадиган бўлса, унинг ўрнини ким босиши ҳақидаги савол қийнаяпти.

Жамоа бош мураббийи Уилл Стилл бу масалага ойдинлик киритиб, Дансо кетган тақдирда янги марказий ҳимоячи олиш шарт эмаслигини таъкидлади.

- Клуб раҳбарияти ва кадрлар билан ишлаш бўлими мутасаддилари хотиржам бўлсин. Жамоа таркиби тўлиқ шаклланган. Дансо кетадиган бўлса, ўрнини ички имкониятдан келиб чиқиб дарров тўлдирамиз.

Таркибимизга “Челси”дан Маланг Сарр келиб қўшилди. Ўзимизда Абдуқодир Ҳусанов бор. Ўзбек футболчиси мавсумга тўлиқ тайёр ва асосий таркибда ўйнашга қодир.

Бундан ташқари, марказий ҳимоячи ўрнида ўйнай оладиган тажрибали Жонатан Градит ва Факундо Медина қаторига Сиди Бэйн, Исмаэло Ганиу каби ёшлар олиб келинган
, - деди Уилл Стилл.

“Ланс”ни юқори ўринларга қайтариш вазифасини олган Уилл Стилл жамоа таркибидан, ўйинчиларнинг даражасидан, яратилган шароитлардан кўнгли тўқлигини, трансферлар ойнаси ёпилгунича кимдир бошқа клубга ўтадиган бўлса, бу жамоага сезиларли таъсир ўтказмаслигини маълум қилди.

- Жанговар таркибни танлаш учун ва ўйинга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўриш учун жамоада дарвозабонлардан ташқари яна 22-24 та ўйинчи бўлса етади. Ҳозир биз йўқотишлар ҳақида эмас, жамоанинг ҳужумкорлигини ошириш борасида ўйлашимиз керак, - деди Уилл Стилл.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Ланс” устози Ҳусанов мухлисларига ёқадиган гап айтди