20:09 / 16.09.2024
67

Машҳур ҳужумчиларга ўйин бермаган Ҳусанов қандай баҳоланди?

Машҳур ҳужумчиларга ўйин бермаган Ҳусанов қандай баҳоланди?
Франция чемпионатининг тўртинчи турини “Ланс” ва “Лион” ўртасидаги кескин ва муросасиз курашлар остида ўтган учрашув якунлаб берди.

Бу баҳсда ҳар икки томон ҳужумчилари нақадар зўр бўлмасин, ҳимоячилар улардан устун келди. Натижада беллашувда ҳисоб очилмади ва ҳар икки жамоа биттадан очко бўлишиб олди. Тўртинчи турдан кейин саккиз очко жамғарган “Ланс” Европа Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи тўртинчи ўринни эгаллаб турибди.

Франция футболини ёритаётган le11hdf.fr сайти эксперти Энцо Пайлот учрашувдан кейин “Ланс” сафида энг яхши ва энг бўш ўйнаган ўйинчилар ҳаракатларини баҳолади.

Энг зўр ўйнаганлар:

Абдуқодир Ҳусанов
Август ойининг энг яхши футболчиси, деб эълон қилинган Кевин Дансонинг ўрнини эгаллаган Абдуқодир Ҳусанов австриялик ҳимоячидан қолишмаслигини намойиш қилмоқда. Яна ҳимоя марказини эгаллаган ёш ўзбек футболчиси ҳамманинг эътиборини ўзига қаратди.

Абдуқодир олти маротаба яккакурашларга киришиб, уларнинг барчасида рақибларидан устунлик қилди. “Лион”нинг машҳур ҳужум жуфтлиги – Александр Ляказетт ва Гифт Орбанга умуман ўйин бермади. 20 ёшли футболчи зарур паллаларда таваккал қилишга қўрқмади.

Ҳусановнинг хотиржам ва ўзига ишониб ўйнаётгани уни бош мураббий Уилл Стилл наздида жиддий вариантга айлантириб бормоқда. Энди Уилл Стилл асосий марказий ҳимоячи Кевин Дансо сафга қайтганида бошланғич таркибда кимни ўйнатишни чуқурроқ ўйлаб кўришига тўғри келади.

Брис Самба
“Ланс” дарвозабони Брис Самба ҳам ишончли ўйини билан ўз дарвозаси дахлсизлигини сақоаб қолди. Тажрибали посбон учта хавфли зарбани бартараф этди. Айниқса, биринчи бўлимда Александр Ляказетт ва Абнернинг ўта кучли зарбаларини қайтара олди. Бу беллашувда “Ланс” ҳимоя чизиғи Франция терма жамоаси дарвозабонига унчалик кўп иш қолдиргани йўқ.

Дейвер Мачадо
Чап қанот ҳимоясида ўйнаганига қарамай, Дейвер Мачадо “Лион” дарвозасига хавф солиб турган ўйинчилардан бўлди. Мачадо биринчи бўлимнинг ўзида икки маротаба жамоадошларига хавфли ҳужум ташкил қилиб берди.

Дейвер ҳимоя чизиғида самарали ўйнади, тўпсиз ҳам жуда ақлли ҳаракат қилди, шижоат билан тўп тепди.

Энг бўш ўйнаганлар:

Уэсли Саид

Ёзда юқори спорт формага эга эканини намойиш қилган Уэсли Саидда кейинги пайтларда пасайиш кузатилмоқда. “Лион”га қарши баҳсда ҳам шундай бўлди. Унинг рақиб жарима майдончасида жой танлаш қобилияти етарли самара бермади.

Уэсли Саидга Лукас Перри дарвозаси олдида тезкорлик етишмади, ҳаракатлари бўш ва самарасиз бўлди. Ҳужумкор футболчи 70 дақиқа ҳаракат қилиб, тўпга атиги 18 марта тегди холос.

Давид Перейра да Кошта
“Ланс”нинг ҳужум чизиғига иштиёқ ва креативлик етишмаяпти. Айнан мана шу хусусиятларни таъминлаши керак бўлган Давид Перейра да Кошта жуда ҳорғин кўринди. Шунга қарамай, бу футболчи хавфли вазиятлар яратишга уринди, бироқ бу ҳеч қандай самара бермади. 48-дақиқада португалиялик ўйинчи ҳисобни очишга яқин келганди, лекин тўпни Муасса Ньякатте ундан олиб қўйди. Натижада Уилл Стилл уни 58-дақиқадаёқ майдондан олди.

“Ланс” вакилларига қуйидаги баллар қўйилди: Самба (7) – Градит (5), Хусанов (7), Медина (6) – Франковски (4), Томассон (5), Диуф (5), Мачадо (6) – Перейра да Кошта (4) – Сотока (5) , Саид (3).

"Ланс" Франция чемпионатидаги кейинги учрашувини 22 сентябрь куни сафарда "Реанн" жамоасига қарши ўтказади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Машҳур ҳужумчиларга ўйин бермаган Ҳусанов қандай баҳоланди?