08:08 / 03.10.2024
161

Абдуқодир Ҳусанов учун хушхабар!

Абдуқодир Ҳусанов учун хушхабар!
Абдуқодир Ҳусанов учун янги мавсум муваффақиятли бошланди. 20 ёшли футболчимиз “Ланс” етакчиси Кевин Дансонинг йўқлиги боис, бошланғич таркибда австриялик тажрибали ҳимоячи ўрнини эгаллади.

Легионеримиз бу имкониятдан жуда зўр фойдаланди. Абдуқодир жамоаси ҳимоясини мустаҳкам ушлаб турибди ва ҳимоя марказидан туриб, орқа чизиқ ўйинчиларини жуда яхши бошқармоқда. Бунинг самарасида “Ланс” Франция чемпионатида энг кам гол ўтказган жамоага айланди ва мағлубиятсиз сериясини давом эттирмоқда.

Ўзбек футболчисининг ишончли ўйини мухлису мутахассислар назаридан четда қолгани йўқ. Франция матбуоти мамлакатнинг энг қудратли клуби ҳисобланган ПСЖ “Ланс” марказий ҳимоячисига қизиқа бошлаганини ёзмоқда.

Айни пайтда Абдуқодир Ҳусанов жамоага сўнгги йилларда етакчилик қилган Кевин Дансонинг ўринбосари эмас, балки асосий таркибнинг муқим ва муҳим ўйинчисига айланиб бўлди.

Буни Франция футболи, хусусан, “Ланс” клуби фаолиятини ёритиб келаётган LENSOIS.COM сайти ўтказган сўровнома натижаларидан ҳам билиб олиш мумкин.

Мазкур сайт “Ланс”нинг сентябрь ойидаги энг яхши футболчисини аниқлаш учун мухлислар ўртасида сўров ташкил қилди. Август ойида бу йўналишда Кевин Дансо ғолиб, деб топилган эди.

Бу галги сўровномада катта устунлик билан Абдуқодир Ҳусанов ғолиб чиқди. Сўровномага сентябрь ойида камида бир маротаба майдонга тушган барча футболчилар номи қўйилди. Натижада энг кўп овозни ўзбекистонлик ҳимоячи тўплади.

Сўровномада қатнашган мухлисларнинг аксарияти Абдуқодир Ҳусановни ойнинг энг яхши ўйинчиси сифатида эътироф этди. Кейинги ўринда жамоа дарвозабони ва сардори Брис Самба қайд этилган.

Якуний натижа қуйидагича кўриниш олди:

- Абдуқодир Ҳусанов: 75,73%
- Брис Самба: 19,24%
- Бошқа футболчилар: 1 фоиздан кам


LENSOIS.COM сайти Абдуқодир Ҳусанов тез орада қисқа муддатга клуб билан хайрлашиб, Ўзбекистон терма жамоаси сафида халқаро расмий учрашувларда иштирок этишини ҳам маълум қилди.

Сречко Катанец истеъдодли ўйинчини 2026 йилги жаҳон чемпионатининг Осиё саралаш турнири доирасида бўладиган учрашувларга чақиртирди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси учинчи босқичдаги иккита ўйинни Тошкентда ўтказади. 10 октябрь куни гуруҳда юз фоизлик натижа билан пешқадамлик қилаётган Ўзбекистон ва Эрон футболчилари ўзаро тўқнаш келади.

15 октябрда эса, ҳамюртларимиз гуруҳда учинчи ўринни эгаллаб турган Бирлашган Араб Амирликлари терма жамоасини қабул қилади.

Эслатиб ўтамиз, футболчиларимиз дастлабки икки турда Корея Халқ Демократик Республикаси (1:0) ва Қирғиз Республикаси (3:2) терма жамоаларини мағлуб этганди. Абдуқодир Ҳусанов кичик жароҳати туфайли сентябрда бўлган бу ўйинларда иштирок этмаган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Абдуқодир Ҳусанов учун хушхабар!