18:20 / 16.10.2024
42

"Ҳаста меъмор"нинг енгилмас жамоаси! Нурсиз ўйин, аммо ёрқин натижалар

"Ҳаста меъмор"нинг енгилмас жамоаси! Нурсиз ўйин, аммо ёрқин натижалар
Авваламбор БААга қарши ўйиндаги ғалаба билан барча ўзбекистонликларни табрикламоқчиман. Мазкур ўйин бир неча кун аввал бўлган Эронга қарши учрашувдаги барча шовқинларни йўқ қилиб, яхши маънодаги шовқинларга сабабчи бўлди. Биз Бирлашган Араб Амирликларини ҳеч қачон ўз майдонимизда енга олмаганмиз. Бугун шу "қора анъана" ҳам барҳам топди. Бундан ташқари, "ЖЧ-2026"га чиқиш учун катта қадам ташладик. Аниқроқ қилиб айтсак, 5-тур олдидан йўлланма тақдим этувчи поғонадамиз ва биздан сўнг "катта жарлик". Жарликнинг нариги тарафида эса БАА ва Қатар.

Тўғрисини айтадиган бўлсам, Эронга қарши беллашувдаги дуранг бизни ростмана эътирозларимизга сабаб бўлди. Бироқ ҳеч ким Осиё кубогида Японияни таслим этган ва бугун Қатар дарвозасига 4 та гол урган форслар билан 3 та баҳсдан бери дуранг ўйнаётганимизни эсламади. Биз 30 дақиқа бир киши кўп бўлиб ўйнаганимиз ва ўша 30 дақиқада рақибдан ёмонроқ ўйнаганимиз факт. Бироқ Эронга КХДРдан бошқа (катта эҳтимол билан улар ҳам мағлуб бўлади) ҳамма (БАА, Қатар, Қирғиз Республикаси) мағлуб бўлди. Аммо биз эмас. Бу бизни устунлигимизни ва ўша термалардан фарқимизни белгилаб берувчи жиҳат.

БАА Эронга мағлуб бўлишидан ташқари Шимолий Корея билан баҳсда очко йўқотди (ўз майдонида). Шунингдек, Қатар ҳам худди араблар каби корейсларга очко улашди. Биз эса ҳозирча бу термага қарши ўтказган учрашувимизда ғалаба қозондик. Яъни қоқилишимиз керак бўлмаган жойда ҳозирча қоқилмай, тик оёқда келяпмиз. Бу жуда зўр.

Катанецнинг услуби кўп танқид қилинди. Унинг тактикаси қўпол қилиб айтганда, услубсизлик дегандик. Бироқ шукрлар бўлсинки, биз ҳозир Саудия Арабистонига 3:0 ҳисобида ютқазадиган ёки Осиёда топ-10 орасига аранг кирадиган терма жамоа эмасмиз. Биз Австралиядан (1:1) ҳам ёмон ўйнамадик ва Эронни уч сафардан бери хафсаласини пир қиляпмиз. Бундан ташқари, мағлубиятсиз серия қайд этаётган терма жамоалар орасида айни дам дунёда энг яхшимиз (20 та ўйин).

Мен Сречкони ўйин услубининг мухлиси эмасман. Очиғи, ёқмайди ҳам. Аммо натижа бор, мухлислар хурсанд, узоқ йиллик орзу эса рўёбга чиқиш арафасида. Ҳа, биз бунга ҳар доимгидан кўпроқ яқинмиз. 8,5 та квота борлигини асос қилиб кўрсатувчилар ҳам топилади. Бироқ айни дамда Қатар, Иордания, Ироқ, Индонезия, Уммон ва ҳатто қўшниларимиз Тожикистон ва Қирғиз Республикаси ҳам йўлимиздаги оддий рақиб эмас. Футболида пасайиш бўлаётган термалар фонида ўсиш бўлаётганлари кўпчиликни ташкил қилиши ҳам факт.

Бугун учрашувни кўриб бўлгач, уйга қайтаётгандим. Стадиондан чиқишда 200-300 нафар атрофидаги мухлислар қўшиқ куйлаб, катта шовқин билан стадионни аста-секинлик билан тарк этяпти. Энг қизиғи, хурсандчилик жамоат транспортларида ҳам давом этмоқда. Ҳатто об-ҳавонинг ноқулайлиги ҳам бунга ҳеч қандай таъсир ўтказмаган. Шундай ҳолатда, ўзим ёқтирмаган тактика ва термамизнинг айни дамдаги бироз ҳаста меъморига раҳмат айтгим келди. У ва футболчиларнинг эҳтиёткорлиги ва танқидлар ёмғирида ҳам ўз ўйин услубига содиқ қолганининг меваси бўлди бугунги ғалаба. Бундан ташқари, ўзимиз истасак ҳужумкорроқ ўйнашимиз мумкинлигини ҳам йигитлар исботлаб берди.

Қатар устидан қозонилган ғалаба Мундиал эшигининг ёнидаги "Welcome" деб ёзилган гиламчани босгудек орзумиз сари яқинлаштиради. Кейин шунчаки бироз ўзимизда куч топиб эшикни очишимиз қолади холос. 48 та терма жамоа қатнашган тақдирда ва Осиё учун 8,5 та йўлланма бўлгандан кейин Мундиалга чиқишимиз у қадар катта иш эмас ва "кайф" бермайди дегувчилар, шунга ҳам чиқа олмаган тақдиримизда қанчалик оғриқли бўлишини тасаввур қилиб кўрсин. Шундай экан, пайти келса, хурсанд бўлайлик. Ҳозирча хафа қилишмаяпти-ку, ҳар ҳолда.

Карим Худайқулов

Манба: Sports.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Ҳаста меъмор"нинг енгилмас жамоаси! Нурсиз ўйин, аммо ёрқин натижалар