23:50 / 01.12.2024
76

Абдуқодир Ҳусанов “тахт”ни топширди, лекин...

Абдуқодир Ҳусанов “тахт”ни топширди, лекин...
Абдуқодир Ҳусанов икки ўйинлик дисквалификациядан кейин Франция чемпионатининг 13-турида яна майдонга қайтди.

Таъкидлаш жоизки, кўплаб экспертлар ўзбек ҳимоячиси иштирок этмаган ўйинларда “Ланс” кўп гол ўтказганига эътибор қаратди. Мисол учун, легионеримиз тўп тепган 10 та учрашувда лансликлар жами еттита гол ўтказган бўлса, сўнгги икки баҳсда рақиблар Ҳусанов йўқлигидан фойдаланиб, Брис Самбани беш бор ўз ортидан тўп олиб чиқишга мажбур қилди.

Абдуқодир Ҳусанов дисквалификацияни ўтаб бўлиб, “Реймс” мезбонлик қилган учрашувда тўлиқ иштирок этди. Мезбонлар бутун учрашув давомида “Ланс” ҳимоясини ёриб ўтолмади. Аксинча, Уилл Стилл шогирдлари иккита гол уриб, ғалабани илиб кетди.

Франция футболини ёритиб келаётган le11hdf.fr ушбу беллашувдаги “Ланс”нинг энг яхши ўйинчисини аниқлаш мақсадида сўровнома ташкил қилди. Одатда бундай сўровномаларда Абдуқодир Ҳусановнинг катта устунлик билан ғолиб чиқиши одат тусига айланган.

Лекин бу гал баҳснинг энг яхши ўйинчиси сифатида мухлислар Адриен Томассонни танлади. Абдуқодир иккинчи ўринга лойиқ кўрилиб, “тахт”ни вақтинча жамоадошига топширди.

Сўровнома натижалари қуйидагича кўриниш олди:
- Адриен Томассон: 78%
- Абдуқодир Ҳусанов: 7%
- Анжело Фулджини: 6%
- Кевин Дансо, Мбала Нзола: 3%
- Брис Самба, Факундо Медина: 1%.

Мавсум бошидан бери “Ланс”нинг ҳар бир учрашувдаги энг яхши ўйинчисини аниқлаш яхши анъанага айланган. Бунда мухлисларнинг овози муҳим аҳамият касб этади.

Ҳозиргача, сўровномада энг кўп ғалаба қозонган футболчи Абдуқодир Ҳусанов бўлиб турибди. 20 ёшли ҳимоячи олтита учрашувда асосий қаҳрамон сифатида танланган. Легионеримиз Конференциялар лигасида “Панатинаикос”га қарши жавоб ўйини, Франция чемпионатида “Монако”, “Лион”, “Ницца”, “Страсбур” ва “Сент-Этьен”га қарши ўтказилган баҳсларда энг яхши ўйинчи, деб топилган.

“Ланс” вакилларидан Уэсли Саид “Анже”, Кевин Дансо “Панатинаикос” (биринчи ўйин), Йоаннер Чавес “Брест”, Брис Самба “Ренн” ва ПСЖ, Факундо Медина “Лилль” ҳамда Адриен Томассон “Нант” ҳамда “Марсель”га қарши ўтказилган учрашувлардан кейин сўровнома ғолиби бўлган.

Бундан ташқари, жамоанинг етакчи ҳимоячиси Кевин Дансо “Ланс”нинг август ойидаги энг яхши футболчиси номига лойиқ топилган эди. Абдуқодир Ҳусанов эса, сентябрь ва октябрь ойларида жамоасининг энг зўр ўйинчиси сифатида эътироф этилди.

Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов 2023 йилнинг ёзидан бери “Ланс” жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. У Франция чемпионатидаги биринчи ўзбек футболчиси сифатида тарихга ўз номини муҳрлаб қўйган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Абдуқодир Ҳусанов “тахт”ни топширди, лекин...