07:31 / 11.12.2024
35

Европа топ клублари мураббийлари йилига қанча даромад қилади?

Европа топ клублари мураббийлари йилига қанча даромад қилади?
Футбол оламида мураббий-у футболчиларга катта пуллар тўланиши сир эмас. Бугунги мақолада жаҳон футболида энг кўп маош олувчи мураббийлар ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, айрим маълумотлар ОАВдан олингани учун расмий эмас.

7. Арне Слот (йилига 6 800 000 фунт стерлинг)

Фото: Getty Images
Слот “Ливерпуль”даги стартни ажойиб бошлади: АПЛда 13 та ўйиннинг биттасида мағлуб бўлди, яна бирида дуранг ўйнади ва турнир жадвалида етакчи бўлиб турибди. Чемпионлар Лигасида эса 5 та ўйиннинг барчасида ғалаба қозонди.

Нидерландиялик мураббий Юрген Клоппнинг “Энфилд”да олган 15,5 млн фунт маошидан икки баравар кам олади, аммо бу “Фейеноорд”даги шартномасидан 3 млн фунт кўпроқ. Тасаввур қилинг, агар у илк мавсумидаёқ АПЛ чемпионлигини қўлга киритса? Ўтган ёзда мухлислар Клопп кетганидан кўз ёш тўккан бўлса, келаси ёзда қувончдан йиғлаши мумкин. Чемпионлик учун эса имконият аниқ бор.

6. Симоне Инзаги (йилига 8 800 000 фунт стерлинг)

Фото: Getty Images
Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонишга деярли яқин келганди, аммо финалда “Манчестер Сити”га дуч келди. Италияда эса Инзаги ўтган мавсум “Интер”ни энг яқин таъқибчисидан 19 очко фарқ билан 20-Скудеттога олиб борди.

Европанинг бошқа йирик клублари унга қизиқиш билдирмоқда, лекин мураббий ҳозирча Миланни тарк этиш ниятида эмас. Яқинда клуб сўнгги уч йилда қўлга киритилган олтита соврин учун миннатдорчилик сифатида унинг шартномасини икки йилга узайтирди ва маошини юқорида келтирилган миқдорга оширди.

5. Микель Артета (йилига 9 500 000 фунт стерлинг)

Фото: Getty Images
“Арсенал” Артетани янги, фойдали шартнома билан тақдирлади ва, албатта, у бунга лойиқ. “Канонирлар”нинг собиқ сардори клубни 2019 йилда бош мураббий сифатида бошқаришни бошлаганидан буён жамоанинг ҳолати сезиларли яхшиланди.

Ҳозирча чемпион бўлмаган бўлса-да, улар ниҳоят чемпионлик учун ҳақиқий даъвогар бўлишни бошлади. Шунга қарамай, ўзаро қарама-қаршиликларда Микель ўз устози Гвардиолага ютқазмоқда. Аммо бу мавсум қизиқарли кечиши аниқ, чунки “шаҳарликлар” заифлашмоқда, бу эса “Арсенал” ва “Ливерпуль”нинг чемпионлик имкониятларини оширади.

4. Карло Анчелотти (йилига 9 600 000 фунт стерлинг)

Фото: Getty Images
Италиялик мураббий билан ҳар йили бир хил ҳолат такрорланади: мавсум бошида унинг истеъфоси ҳақида миш-мишлар пайдо бўлади, лекин баҳорда “Реал” ҳаммани мағлуб эта бошлайди. Аммо бу йил ундай ҳолат бўлмаслиги мумкин.

Кўпчиликнинг фикрича, Крооснинг кетиши ва Мбаппенинг келиши Мадрид машинасининг механизмини бузган. Агар шундай бўлса, италиялик мураббий ёзда кетиши мумкин ва унинг ўрнига собиқ “Реал” футболчиси келиши кутилмоқда. Шунга қарамай, Карло яна бир неча йил Мадридда ишлаши ва кейин нафақага чиқиши ҳеч кимни ҳайратда қолдирмайди.

3. Стивен Жеррард (йилига 15 200 000 фунт стерлинг)

Фото: Getty Images
Ҳа, Жеррард мураббийлик қилади ва унинг маоши мана шундай. Кутмагандингиз-а? У Саудия Арабистонига ишламоқда.

Унинг “Ал-Иттифоқ” жамоаси унчалик яхши ўйнамаяпти, лекин инглиз мураббийининг шартномаси 2027 йилгача амал қилади. Бу Стивен учун идеал битим, чунки унинг мураббий сифатида қўлга киритган ягона ютуғи “Рейнжерс” билан Шотландия чемпионатидаги ғалаба, бу эса клуб учун жуда муҳим эди — улар 10 йил давомида “Селтик”ни ортда қолдира олмаётган эди. Кейин эса “Астон Вилла”даги муваффақиятсизлик ва Саудия Арабистонига кўчиб ўтиш юз берди. Жеррарднинг ўрнида бўлган ким ҳам буни рад эта оларди?

2. Хосеп Гвардиола (йилига 20 000 000 фунт стерлинг)

Фото: Getty Images
Шайхлар испан мураббийга бундай маош тўлашдан афсусланмайди, чунки Гвардиола доимо натижа келтиради. Клуб тарихидаги илк Чемпионлар Лигаси соврини ва АПЛдаги мунтазам ғалабалар раҳбариятни мамнун қилиб келган.

Ўтган мавсумда испаниялик мураббий “Сити”ни кетма-кет тўртинчи чемпионликка етаклади. Бу мавсумда эса ишлар унчалик юришмаяпти. Кетма-кет 7 ўйиндан буён “шаҳарликлар” ғалаба нималигини билмай келаётган эди. Фақатгина сўнгги, “Ноттингем”га қарши баҳсда Гвардиола жамоаси ғалаба қозонишга муваффақ бўлди. Ундан кейинги лига доирасида “Кристал Пэлас”га қарши ўйинда ҳам 2:2 ҳисобида дуранг қайд этди.

Пепнинг шартномаси ёзда тугайди, лекин уни узайтириш ҳақида миш-мишлар юрибди. Бу фақат мураббийнинг ўзи янги чақирув истайдими ёки йўқми деган саволга боғлиқ. Агар Гвардиола рози бўлса, шайхлар шартномани мамнуният билан узайтириб, унинг маошини оширади. Балки ҳозир музокаралар давом этаётгандир. Нега бойлар билан савдолашмаслик керак? Масалан, май ойида келишув узайтирилгани эълон қилинса, ҳайрон қолмаса ҳам бўлади.

1. Диего Симеоне (йилига 30 000 000 фунт стерлинг)

Фото: Getty Images
Симеоне энг кучли клубларда мураббийлик қилмаган ва баъзиларнинг фикрига кўра, “Мадридда ортиқча ушланиб қолди”. Аммо аргентиналик мураббий бу клубда нафақат профессионал, балки молиявий жиҳатдан ҳам ўзини қулай ҳис қилади.

У 2011 йилдан бери “Атлетико”ни бошқариб келмоқда ва кучли бешлик чемпионатлари клублари орасида ҳеч ким бундай узоқ муддатда бир жамоада ишламаяпти. Симеоне клуб тарихига кириб бўлган — икки марта Ла Лигада, икки марта Европа Лигасида ғалаба ва икки бор Чемпионлар Лигаси финалига чиқиш.

Қизиқ томони, Диего “матрасчилар” билан нафақат мураббий сифатида, балки ўйинчи сифатида ҳам Испания чемпионига айланган. Унинг шартномаси 2027 йил ёзигача амал қилади. Шу вақт ичида жамоа билан яна бир бор чемпион бўла оладими? У ўзи учун яна бир бегона бўлмаган жамоа — “Интер”га ўтиши ҳам мумкин. Лекин ҳозирча мутахассис Мадрид клубида қолишни маъқул кўрмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Европа топ клублари мураббийлари йилига қанча даромад қилади?