Абдуқодир Ҳусанов ёрқин ўйинлари билан қисқа фурсатда “Ланс” асосий активига айланди. Бугунги кунда 20 ёшли ўзбек футболчисини қўлга киритишга Франция, Англия, Испания, Германия ва Италия каби “топ-5” лигалардан ўндан зиёд катта клублар даъвогарлик қилмоқда.
Гарчи Transfermarkt порталида ҳамюртимизнинг трансфер суммаси 12 миллион еврога кўтарилган бўлса-да, лансликлар ўз кашфиёти учун харидорлардан бундан бир неча баравар қиммат нарх талаб қилиши аниқ.
Хўш, бугунги кунда Абдуқодир Ҳусановнинг асл трансфер нархи қанча? “Ланс” легионеримиз трансферидан қанча пул ишлаб олиши мумкин?
Бу каби саволларни нуфузли манбалардан бири – butfootballclub.fr порталининг икки эксперти Уильям Тертрин ва Лоран Хесс муҳокама қилди.
Уильям ТЕРТРИН: 40 миллион евро
- “Ланс” ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов жорий мавсумда ёрқин ўйинлари билан статистика мутахассисларини шокка туширяпти. Футбол тадқиқотлари маркази – CIES ўз тадқиқотлари якунига кўра ўзбек легионерини 21 ёшгача бўлган футболчилар орасида дунёнинг энг яхши марказий ҳимоячиси, деб топди.
Шунингдек, “Ланс” клуби Ҳусановнинг трансферини ташкил қилиш вазифасини таниқли футбол агенти Жорже Мендешга топширганини ҳам ҳаммамиз яхши биламиз. Бу борада музокаралар 25-30 миллион евродан бошланиши белгиланган.
Агар биз ўзига хос хусусиятларга эга бўлган қишки трансфер бозори олдида эканимизни инобатга олмасак, ўзбек футболчисининг асл нархи юқорида кўрсатилган суммадан бироз юқори. Менимча, бу нарх 40 миллион еврони ташкил қилади. Чунки Ҳусановнинг Еврокубокларда иштирок этиш тажрибаси олти ой билан чекланади, холос.
Абдуқодир Ҳусанов мавсумнинг иккинчи ярмида ҳам шу даражада ўйин кўрсатадиган бўлса, трансфер нархи ҳам мунтазам ошиб боради ва ёзда “Ланс” уни ўз тарихидаги рекорд нархга трансфер қилиши мумкин.
Лоран ХЕСС: 40 миллиондан 50 миллионов еврогача
- Мен бу мавсум “Ланс”нинг бир неча ўйинини кўрдим ва ҳар гал Абдуқодир Ҳусановнинг ўйинидан ҳайратга тушдим. Ўзбек футболчиси ҳали 20 ёш бўлишига қарамай, катта тажриба эгаси каби мураккаб вазиятларда ҳам жуда хотиржам, совуққон ўйнайди.
Ҳусанов бақувватлиги, савияси ва енгил ҳаракатлари билан менга Вильям Салибани эслатиб юборди. Брис Самба уни “Монстр”, деб тўғри таъриф берган.
Абдуқодир Ҳусанов “Ланс” учун чемпионатнинг энг даромадли ўйинчиларидан биридир. “Марсель” ва “Пари Сен-Жермен” уни нишонга олгани бежиз эмас, лекин ҳимоячи учун рақобат жуда кучли бўлиши ҳозирдан аниқ.
Гранд клублар уни асосий нишонлар рўйхатига киритмаганини, бир сонияга бўлса ҳам тасаввур қилмаслик имконсиз. Бу ёшда, унинг тенгқурлари орасида Абдуқодирга тенг келадиганлари жуда кам.
Бу қишдан бошлаб, Ҳусанов учун ҳақиқий кимошди савдоси очилади. Бир неча йил аввал “Сент Этьен” Уэсли Фофанани “Лестер”га 40 миллион еврога қўшиб юборган эди. Нега энди Ҳусановнинг трансфери шу даражадаги нархдан бошланмаяпти. Агар “Ланс” уни 30 миллион евродан камига қўйиб юборса, бу ўта омадсиз трансфер бўлади. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Путин МДҲ давлатлари раҳбарлари билан учрашади
Россия разведкачилари аскарларни қандай асирга олишди?
Ўзбекистонда биринчи марта суяк инфаркти жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди
Путин учинчи жаҳон уруши ҳақидаги саволга қандай жавоб берди?
Алишер Усмонов уруш бошланганидан буён қандай қилиб 13,4 млрд долларга бойиди?
Панама президенти Трампнинг таҳдидларига қандай жавоб қайтарди?
Тадқиқот: атиги минг қадам юриш депрессия хавфини камайтириши мумкин
Эксперт: Россияга қарши санкциялардан Ўзбекистон ва Қирғизистон кўпроқ фойда кўрди