11:50 / 06.03.2025
3 170

Максим Шацких ўзининг рекордини йўққа чиқарган Шомуродовга қандай баҳо берди?

Максим Шацких ўзининг рекордини йўққа чиқарган Шомуродовга қандай баҳо берди?
Ўзбекистон миллий терма жамоасига сардорлик қилаётган Элдор Шомуродов бу жамоа тарихидаги энг зўр тўпурар ҳисобланади.

29 ёшли футболчимиз халқаро миқёсда 78 та учрашувда рақиблар дарвозасига 41 та тўп киритган. Терма жамоадаги тўпурарлик рекорди Элдоргача узоқ муддат Максим Шацкихга тегишли бўлган. Асосан хориж клубларида тўп тепган Шацких мамлакатимиз бош жамоаси учун 60 та ўйинда 33 та гол урган эди.

Айни пайтда ўзи тарбияланган “Пахтакор” клуби президентининг спорт ишлари бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлаётган Максим Шацких ўз ҳамкасби ҳақидаги саволларга жавоб қайтарди.

- Ўзбекистон миллий терма жамоаси тўпурари Элдор Шомуродов “Рома”нинг февраль ойидаги энг зўр футболчиси бўлди. Ўзбек ҳужумчисининг ўйинига қандай баҳо берасиз?

- Албатта, бу жуда катта натижа! “Рома” Европада ўз ўрнига эга бўлган клуб. Шомуродов узоқ вақт ўйнай олмаётган эди ва февралда асосий таркиб ўйинчисига айланди. Элдор бош мураббий унга ишониб, хато қилмаганини кўрсата олди.

Шомуродов ассистларни амалга оширди, ўзи гол урди, жамоасига фойда келтирди. Мен Шомуродов ҳақли равишда “Рома”нинг энг яхши ўйинчиси бўлди, деб ҳисоблайман.

Айниқса, бу Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйинлари олдидан жуда муҳим воқеа бўлди. Бу Элдор учун катта плюс.

- Клаудио Раньерининг келиши Элдорнинг ўйинига таъсир қилдими? Тажрибали мураббий қўл остида “Рома” мана 11 та учрашувдан бери ҳеч кимга ютқазмаяпти...

- Бўлиши мумкин. Умуман олганда, Элдор Шомуродов ва Артём Довбик ҳозирги пайтда Рим клубининг асосий икки ҳужумчиларидир. Раньери уларни алмаштириб ўйнатишга ҳаракат қилмоқда.

“Комо” билан бўлган беллашувда Довбик ғалаба тўпини киритди. Раньери ҳаммага ўйин амалиёти ва вақт беришга ҳаракат қиляпти.

Бош мураббий Довбик ва Шомуродов умумий ҳисобда бир хил форвардлар эканини яхши тушунади. Шундай экан, уларни нега ротация қилиш мумкин эмас? Бундан футболчилар ҳам мамнун, натижа ҳам ҳаммани қониқтирмоқда. Буни мен ҳам маъқуллайман.

Таъкидлаш жоизки, “Рома” айни пайтда А Серияда Европа кубокларига йўлланма берадиган кучли олтиликка кириш учун курашмоқда. Клаудио Раньери келганидан кейин “бўрилар” мусобақа жадвалининг қуйи қисмидан саккизинчи ўринга кўтарилиб олди.

Бундан ташқари, Раньери жамоани Европа лигасининг умумий босқичидан олиб ўтди ва плей-офф ўтиш ўйинларида “Порту”ни ортда қолдирди. Энди римликлар чорак финалга чиқиш учун Бильбаонинг “Атлетик” жамоаси билан ўзаро иккита учрашув ўтказади.

Ўйини очилиб бораётган Элдор Шомуродов жорий мавсумда барча турнирларда 24 маротаба майдонга тушиб, ўз ҳисобига тўртта гол ва учта ассист ёздириб қўйди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт