05:55 / 22.03.2025
1 914

Ўзбекистон терма жамоасидан хушхабар: тикланиш машғулотлари муваффақиятли ўтди

Ўзбекистон терма жамоасидан хушхабар: тикланиш машғулотлари муваффақиятли ўтди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Эронга қарши муҳим баҳс олдидан тикланиш машғулотларини амалга оширди, деб хабар бермоқда ЎФА матбуот хизмати.

21 март куни кечқурун “оқ бўрилар” Тошкентдаги машғулот майдонида тикланишга қаратилган енгил машғулотлар ўтказишди. Машғулотларда Қирғиз Республикасига қарши ўтказилган учрашувда иштирок этмаган футболчилар, жумладан, Остон Ўрунов ва Шерзод Насруллаев ҳам майдонга тушди. Бу ҳолат мухлислар учун алоҳида қувонарли янгилик сифатида қабул қилинди.

Темур Копадзе бошчилигидаги штаб футболчиларнинг жисмоний ҳолати, ўйинолди тайёргарлиги ҳамда умумий кайфиятини юқори ҳолатда сақлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Жамоада ижобий руҳ ва бирдамлик ҳукм сурмоқда.

Шунингдек, машғулотлар пайтида футболчилар ўртасида югуришлар, енгил тўп узатиш машқлари, ҳамда мотивацияга қаратилган суҳбатлар олиб борилди. Машғулотларда Элдор Шомуродов, Абдуқодир Ҳусанов, Аббосбек Файзуллаев, Ҳожиакбар Алижонов ва бошқа бир қатор футболчилар жуда кўтаринки кайфиятда қатнашишди.

Терма жамоа 23 март куни Эронга йўл олади. Айни пайтдаги вазиятда “А” гуруҳида Эрон 19 очко билан пешқадам ҳисобланса, Ўзбекистон 16 очко билан иккинчи ўринда боряпти. Учинчи ўрин эгалари БАА ва Қатар 10 очкодан жамғарган. Ушбу ўйин Жаҳон чемпионати саралашининг ҳал қилувчи босқичига йўл очиб бериши мумкин.


Ўзбекистон – Эрон ўртасидаги муҳим учрашув 25 март куни Теҳронда бўлиб ўтади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт