
Тожикистонлик ёш футболчи Алишер Раҳимов ўзининг янги жамоаси сифатида Беларусь олий лигаси вакилларидан бири – "Сморгонь" клубини танлади. У бу қарорини таниқли инсайдер Иван Карпга берган интервьюсида изоҳлаб ўтди. Раҳимовнинг сўзларига кўра, у Қозоғистон ва Беларусдан таклифлар олган, бироқ таниқли футболчи Абдуқодир Ҳусановнинг тажрибасидан келиб чиқиб, Беларусь чемпионатида тўп тепишга қарор қилган.
"Қарор қабул қилиш учун вақтим жуда кам эди. Беларусь ва Қозоғистондан вариантларни таклиф қилишди. "Сморгонь" клубини танладим. Абдуқодир Ҳусановнинг тажрибаси шуни кўрсатяптики, ҳар қандай футболчи яхши клубларда ўйнаб кетишга қодир. Менинг мақсадим ҳам у каби Европанинг топ-лигаларида тўп тепиш", – дейди Раҳимов.
Медиалига эмас, профессионал футбол
Алишер Раҳимов ўз интервьюсида профессионал футболига эътибор қаратишини ва шу сабабли Медиалигага қайтиш нияти йўқлигини таъкидлади.
"Мен энди Медиалига ҳақида бош қотираётганим йўқ. У ерга қайтмоқчи эмасман. Бор эътиборимни профессионал футболга ва машғулотлар жараёнига қаратаман. Шу боис, Медиалига жамоаларига кўп бор рад жавобини бердим", – дейди футболчи.
22 ёшли марказий ҳужумчи Раҳимов ҳужумкор футболчи сифатида қанотларда ҳам ўйнаши мумкин. У ўз футболидаги дастлабки қадамларини Тожикистоннинг "Баркчи" клубида ташлаган. Кейинчалик у Россиянинг Медиалига жамоалари "Амкал" ва "Broke Boys" таркибида ўйнаб, 49 та учрашувда 14 та гол ва 11 та ассист қайд этган. 2024 йил бошида "Равшан" клубига қўшилган бўлса-да, бирорта расмий ўйинда иштирок этмай, Беларусь чемпионатига йўл олди.
Абдуқодир Ҳусанов: минтақамиз ёшлари учун илҳом манбаи
Алишер Раҳимовнинг Беларусь чемпионатига йўл олиши кўпчиликка Абдуқодир Ҳусановнинг карьерасини эслатмоқда. Ҳусанов профессионал футболидаги илк қадамларини айнан Беларусь чемпионатида ташлаган. "Бунёдкор" академиясида таҳсил олган Ҳусанов "Энергетик-БГУ" билан шартнома имзолаганидан сўнг Европага йўл очди.
Беларусда бир мавсум ўйнаганидан кейин, у 2023 йил ёзги трансфер ойнасида "Ланс" клубига йўл олди. Франция чемпионатида ўйнаб, ўз салоҳиятини намойиш этган ҳимоячига Европанинг қатор клублари қизиқиш билдирди. 2024 йил қишки трансферлар даврида эса "Манчестер Сити" уни ўз сафига қўшиб олди. Ҳусанов учун клуб 50 миллион евро (40 миллион евро бадал пули + 10 миллион евро бонус) тўлади. Бу ҳимоячи учун катта муваффақият ҳисобланади.
Абдуқодир Ҳусанов Англия Премьер-лигасида дебют қилган биринчи ўзбек футболчиси сифатида тарихга кирди. У "Манчестер Сити" билан Премьер-лига, мамлакат кубоги ва Европа Чемпионлар лигасида дебют қилиб, жамоаси учун голлар ҳам урди. Айни пайтда унинг трансфер қиймати 35 миллион еврога етди.
Минтақа футболчиларига кучли мотивация
Абдуқодир Ҳусановнинг муваффақияти нафақат ўзбек футболи, балки Марказий Осиё футболчилари учун ҳам кучли мотивация бўлмоқда. Алишер Раҳимовнинг Беларусь чемпионатидаги иштироки ва у ердаги фаолияти келажакда Европа клублари диққатини тортса, у ҳам Ҳусанов каби катта клубларга йўл олиши мумкин.
Раҳимовнинг қарорлари ва келажакдаги муваффақиятлари унинг Европа футболида қандай из қолдиришига боғлиқ. Бир нарса аниқ – Марказий Осиё футболчилари учун янги йўллар очилмоқда ва бу ёш иқтидорлар учун катта имконият ҳисобланади. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар