
Клаудио Раньери қўл остида А Серияда мағлубиятсиз сериясини давом эттираётган “Рома” якшанба куни ўта муҳим учрашувни ўтказади.
Римликлар чемпионатда қарийб тўрт ойдан бери ютқазгани йўқ ва жамоанинг ғалабали серияси еттита ўйинга етди. Бу кўрсаткичлар мусобақа жадвалининг қуйи поғоналарига тушиб қолган жамоанинг юқорига кўтарилишига сабаб бўлди ва энди “Рома” Европа Чемпионлар лигасининг келаси мавсуми учун йўлланма олиш имкониятига эга бўлиб турибди.
6 апрелга белгиланган 31-турда олтинчи поғонада турган “Рома” ўзидан уч очко кўп жамғариб, бешинчи ўринни эгаллаган “Ювентус”ни қабул қилади. Бўлажак тўқнашувда зафар қучган жамоанинг кучли тўртликка кириш имкони сезиларли даражада ошади.
Ўта муҳим учрашув олдидан Клаудио Раньери жамоасининг ўйин схемасини ўзгартиришга қарор қилгани айтилмоқда. Бунга сабаб жамоа етакчиси Пауло Дибаланинг жроҳат олиб, узоқ муддатга сафдан чиққанидир.
Италия футболини ёритаётган манбалар 73 ёшли мураббий Турин клубига сюрприз тайёрлаётганини ёзмоқда.
- Клаудио Раньери “Ювентус”нинг ҳимоя қўрғонини ёриб ўтиш учун Элдор Шомуродов ва Артём Довбик тандемини илк дақиқадан ўйнатишга қарор қилди. Бу икки ҳужумчи А Серияда шу пайтгача фақат тўрттагина учрашувда бирга ўйнаган. Айниқса, аввалги турда “Лечче” билан бўлган баҳсда Артём Довбик майдонга Элдор Шомуродов тушганидан кейин айнан унинг ёрдамида ғалаба тўпини кирита олди. Ўзбек легионери рақиб ҳимоячилари эътиборини ўзига тортиб, украиналик форвардни уларнинг таъқибидан қутқарди ва Довбик дарвозани ишғол қилди.
Раньери Элдорнинг хизматларини инобатга олиб, “Мен жамоага Артёмга қандай тўп узатишни айтдим. Шомуродовдек тезкор ўйинчи унга гол уриш учун шароит яратиб берди, Довбик унинг ёрдамини ёққол сезди”, деди.
Украиналик ҳужумчи олдинги чизиқда кўпинча ёлғиз ва ёрдамсиз қолиб кетарди. Шомуродов эга бўлган ўйин характеристикаси Довбикка эркин ҳаракат қилиш ва пасларни қабул қилиш имконини бермоқда. “Ювентус” билан бўладиган баҳсда икки ҳужумчининг ўйнаши фойда келтириши кутилмоқда. Шомуродовнинг ҳаракатлари натижа қўлга киритилишида муҳим омил бўлмоқда, - деб ёзди vocegiallorossa.it сайти эксперти Маурицио Раса.
“Рома” фаолиятини ёритаётган яна бир манба – laroma24.it сайти ҳам Элдор Шомуродовнинг ўйин услуби ва ҳаракатчанлиги Турин суперклуби билан бўладиган беллашувда пойтахт “бўрилари”га қўл келишини таъкидламоқда.
- “Рома” икки марказий ҳужумчи билан ўйнаса, Элдор Шомуродов кенг майдон бўйлаб ҳаракат қилишига тўғри келади. Ўзбек легионери ҳужум марказида Довбикнинг ортида ва қанотларни алмаштириб ҳужум уюштириши мумкин. Довбик бўлса, асосий эътиборини рақиб жарима майдончаси ичида тўпни қабул қилиб, дарвозани нишонга олишга қаратади.
Ўзбек ҳужумчиси юқоридан келадиган тўплар учун курашда ишончли ҳаракат қилади, бош билан зарба йўллаши ёки Довбикка тўпни олиб бериши мумкин, - деб изоҳ берди laroma24.it сайти.
“Рома” ҳамда “Ювентус” ўртасидаги учрашувга машҳур “Олимпико” аренаси мезбонлик қилади. Беллашув 6 апрель куни Тошкент вақти билан 23:45да бошланади. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар