date
views 9 826

Элдор Шомуродовнинг янги жамоаси "Торонто" бўладими? Уммонорти клубидан қизиқарли таклиф бор

Элдор Шомуродовнинг янги жамоаси "Торонто" бўладими? Уммонорти клубидан қизиқарли таклиф бор
Сўнгги йилларда АҚШ ва Канада клублари иштирок этадиган MLS чемпионати тез суръатларда ривожланмоқда. Бугун бу мусобақа жаҳон футболида ўз ўрнига эга бўлиб, кўплаб европалик юлдузлар учун жозибали йўналишга айланган. Бу чемпионатнинг кучайишига энг асосий сабаб – Европада ном қозонган футболчиларнинг кўпайгани бўлмоқда.

Канаданинг энг машҳур клубларидан бири бўлган "Торонто"нинг бу йилги мавсуми оғир кечмоқда. Чемпионатдаги дастлабки саккизта ўйинда жамоа бирорта ғалаба қозона олмади. Тўртта ўйин дуранг натижа билан якунланган бўлса, яна тўртта учрашувда мағлубият қайд этилди. Бундай ҳолатда клуб мухлислари раҳбариятдан вазиятни яхшилай оладиган янги трансферларни интизорлик билан кутишмоқда.

Ҳозиргача "Торонто" фақат биргина доимий трансферни амалга оширган. Бу – Лондоннинг "Арсенал" клуби ёшлар жамоасида тарбияланган ҳимоячи Зейн Манлуис. Қолган янги ўйинчилар – Тео Корбеану ("Гранада"), Максим Домингес ("Васко да Гама") ва Ола Бринхильдсен ("Мидтьюлланд") эса ижара асосида олинган ва улардан ҳозирча кутилган натижа чиқмаяпти.

Жамоада Европа футболида катта ном қозонган икки машҳур италиялик – Федерико Бернардески ва Лоренцо Инсинье ҳам бор. Лекин уларнинг жамоага келтирган фойдаси ҳали кутилган даражада эмас.

"Торонто" раҳбарияти ҳужум чизиғини янада кучайтиришга қарор қилди. Бу мақсадда клуб бир нечта номзодларни ўрганиб чиқмоқда. Энг қизиғи, улар орасида "Рома" клубида асосий ўйинчилардан бири бўлган ўзбек легионери Элдор Шомуродовнинг ҳам номи бор. Шунингдек, испаниялик машҳур футболчи, "Севилья" ҳужумчиси Сусо ҳам "Торонто"нинг диққат марказида турибди.

"Торонто" бош мураббийи Робин Фрейзер вазиятга аниқлик киритди:
"Ҳозирча янги трансфер бўйича аниқ келишув ёки музокаралар бошланмаган. Бу каби катта трансферларни амалга ошириш учун вақт керак. Биз бу масалага ёзги трансфер даврида яна қайта оламиз".

Маълумот учун, MLS да иккинчи трансфер ойнаси 24 июлдан бошланиб, 21 августгача давом этади.

Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов уммонорти клублари назарига тушганига анча вақт бўлди. Ўтган йили АҚШнинг "Атланта Юнайтед" жамоаси ўзбек футболчисини сотиб олишга жуда яқин келган, бироқ бу трансфер амалга ошмай қолган эди.

Ҳозирги кунда Элдор Шомуродов "Рома"да ажойиб ўйин кўрсатмоқда ва клуб раҳбарияти унинг шартномасини 2027 йилгача узайтирди. Лекин ёзги трансфер даврида ўзбек ҳужумчиси учун яна қизиқарли таклифлар бўлиши кутилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Элдор Шомуродовнинг янги жамоаси "Торонто" бўладими? Уммонорти клубидан қизиқарли таклиф бор