
Испаниянинг гранд клуби ҳисобланган Мадриднинг «Реал» жамоасида ёзги трансферлар ойнаси олдидан жиддий ўзгаришлар содир бўлиши кутилмоқда. Жамоа раҳбарияти бир нечта юлдуз футболчиларни трансфер қилишни режалаштираётган бир пайтда, айрим футболчиларни сотиш орқали таркибни қайта шакллантиришга киришмоқчи.
Мадридликлар клубида ҳозирда 4 футболчи – Родриго Гоэс, Орельен Тчуамени, Арда Гюлер ҳамда Ферлан Мендининг келажаги сўроқ остида турибди.
Родриго Гоэс:
Мутахассисларнинг фикрича, бразилиялик иқтидор эгаси ҳозирча ўзининг барқарор ўйинини намойиш эта олмаяпти. Гарчи Родриго айрим учрашувларда ўзининг ёрқин ва ажойиб маҳоратини кўрсатса-да, бу мадридликларнинг талаб даражасига тўла мос келмаяпти. Шунинг учун клуб раҳбарияти Родригодан тушадиган трансфер маблағлари жамоа учун янада фойдали бўлади деб ҳисобламоқда.
Орельен Тчуамени:
Франциялик ярим ҳимоячи ҳам «Реал»да ўзининг тўлиқ имкониятларини очиб бера олмади. Унинг майдондаги вазифаларини Камавинга ва Вальверде каби ярим ҳимоячилар юқори савияда бажариб турибди. Бу эса Тчуаменига асосий таркибдаги ўрнини йўқотиш хавфини келтириб чиқарди. Бу сабабдан «қироллик клуби» франциялик футболчи трансферидан ҳам молиявий фойда кўришни режалаштирмоқда.
Арда Гюлер:
Истеъдодли туркиялик футболчи Арда Гюлер Мадридга келганидан буён ўз иқтидорини тўла-тўкис кўрсатиш учун етарли имкониятларга эга бўла олмади. Юқори рақобатли таркибда ўз ўрнини топиш учун кураш олиб борган Гюлернинг клубда қолиши ҳар икки томон учун ҳам фойдали эмас деган хулосага келинди. Мадрид раҳбарияти Арда Гюлерга бошқа клубларда ўз маҳоратини яхшироқ кўрсатишига ишонч билдирмоқда.
Ферлан Менди:
Мендининг «Реал» билан тузган амалдаги шартномаси ўз ниҳоясига етиб қолди. Франциялик ҳимоячи янги шартномада маошининг оширилишини талаб қилган. Аммо «Реал» раҳбарияти ҳимоячининг бу талабини қабул қилишдан кўра, уни сотиб юбормоқчи ва унинг трансферидан тушадиган маблағни янги футболчилар олишга сарфламоқчи.
Шундай қилиб, клуб президенти Флорентино Перес ушбу тўрт ўйинчининг трансферларидан келадиган катта пул маблағларини янги юлдузларни жамоага жалб қилиш ва «Реал»ни янада юқори даражага олиб чиқиш учун ишлатишни кўзламоқда.
Бу трансферларнинг амалга ошиши мадридликларнинг янги мавсумдаги мақсадлари ва режаларига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Ушбу ўзгаришлар «қироллик клуби» мухлисларини ҳам қизиқтириб қўйган. Катта ўзгаришлар қандай натижа бериши эса мавсум бошида маълум бўлади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар