
Суперлиганинг 8-туридан ўрин олган “Бунёдкор” – “Қўқон-1912” учрашувидан сўнг меҳмонлар жамоаси бош мураббийи Баҳром Ҳайдаров журналистлар саволларига жавоб берди ва ўйин ҳақидаги фикрларини баҳам кўрди.
“Олдинга ўйнашга қўрқиш — голга олиб келди”
Мураббийнинг таъкидлашича, баҳс тенг курашлар руҳида ўтган, аммо учрашувнинг илк дақиқаларида “Қўқон-1912” футболчиларида ўзига ишонч етарли бўлмаган:
“Ўйин аввалида бир оз бўшашдик. Йигитлар ўз кучига ишонмади, натижада олдинга ҳаракатланишда иккиланиш пайдо бўлди. Бу эса, табиийки, гол уриш учун имконият яратди. Аммо ўйин давомида, хусусан, голдан кейин футболчиларимиз ўзини тўплаб олишди. Кейинги дақиқаларда барча режамиз асосида ҳаракат қилдик. Ҳозир ҳиссиётларим кўп. Аммо аниқ айта оламан — бугун биз ҳақли ғалабани қўлга киритдик. Ютқазиб турган пайтда ҳам тактикамиздан қайтмадик.”
“Омад эмас, меҳнат ва интизом ғалаба келтирди”
Мутахассисдан ғалабани омад деб баҳолаш мумкинми, деган саволга жавоб бериш сўралди. Чунки учрашувда “Қўқон-1912” кўп вазият ярата олмади. Ҳайдаров бу фикрга шундай муносабат билдирди:
“Албатта, рақиб дарвозабонининг хатоси омад билан боғланган ҳолат бўлиши мумкин. Аммо бу режалаштирилган гол эмас эди. Мутахассислар кўрди — жамоам охирги дақиқаларгача тўхтамасдан курашди. Бу — ҳақли ғалаба. Бутун баҳс давомида ҳимояда яхши турдик ва қарши ҳужумларда имконият кутдик. Рақибга ҳаддан ташқари имконият бермадик.”
“Барқарор ўйин учун тажриба ҳам, ёшлар ҳам бор”
Сўнгги савол эса жамоанинг умумий таркибий салоҳияти, захира имкониятлари ва барқарор ўйин кўрсатиш қобилияти ҳақида бўлди. Ҳайдаров жавобида шундай деди:
“Бизда мувозанатли таркиб тузишга ҳаракат қилинган. Кўпчилик футболчилар ўтган мавсум Про лигада тўп суришган. Улар ҳозир ўсиш йўлида. Шу билан бирга, Суперлигада тажриба орттирган футболчиларни ҳам жалб қилдик. Умуман олганда, барча йўналишда ўйланган режамиз амалга ошяпти. Энг муҳими, мураббийлар штаби сифатида биз футболчиларнинг жисмоний ҳолатини барқарор сақлашимиз шарт. Бу эса барқарор натижалар гаровидир.”
Хулоса ўрнида...
“Қўқон-1912” мураббийи жамоанинг ҳар бир ғалабаси ортида ҳисоб-китоб, интизом ва ўз кучига ишонч ётганини таъкидламоқда. Ғалаба “омад” эмас, балки доимий ҳаракатнинг самараси экани уқтирилмоқда.
Сиз нима деб ўйлайсиз — “Қўқон-1912” ушбу руҳ билан Суперлигада кутилмаган натижаларни қайд этиши мумкинми? «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар