
ПСЖ клубининг бош мураббийи Луис Энрике Чемпионлар Лигаси финалидаги ажойиб ғалабадан сўнг матбуот анжуманида журналистлар билан самимий мулоқот қилди. Испаниялик машҳур мутахассис бу гал нафақат футбол, балки ўзининг шахсий ҳаёти, хусусан, 2019 йили суяк саратони (остеосаркома) туфайли ҳаётдан кўз юмган 9 ёшли қизи Ксана билан боғлиқ туйғулари ҳақида ҳам очиқчасига гапирди.
«Қизим бу ҳаётдан кетганидан кейин, унинг руҳи ҳар куни мен билан бирга яшайди. Ҳа, у физик жиҳатдан мен билан эмас, аммо ҳар бир босган қадамимда унинг руҳини ҳис қиламан. У менинг доимий йўлдошимга айланган», — деди Луис Энрике, юксак ҳис-ҳаяжон билан.
Мураббийнинг сўзларига кўра, футболдаги ғалаба ёки мағлубият унинг бу ҳисларига таъсир қилмайди. Лекин кутилмаган тарзда, мағлубият чоғида қизининг руҳий яқинлигини янада кучлироқ ҳис этади:
«Бундай йирик мусобақанинг финалида ғалаба қозонишим қизимни менга яқинроқ қилмайди. Аммо мағлубият ва қийинчиликлар вақтида унинг руҳини янада кучлироқ ҳис қиламан. Бу жуда ажойиб ва тасвирлаб бўлмайдиган туйғу. Қандай натижа бўлишидан қатъи назар, мен унинг борлигини доим сезаман», — деди мураббий.
Луис Энрике қизининг ҳаёт вафотидан кейин ўзи учун энг муҳим бўлган нарса — қизининг унга ўргатган ҳаётий дарслари ва хотиралари билан яшаш эканлигини алоҳида таъкидлади:
«Мен қизим Ксана менга олиб кирган барча яхши нарсаларни эслаб яшашни истайман. У ҳаётимдаги энг катта ўқитувчим бўлди. Унинг қисқа умри мени доимо тўғри яшаш, меҳр-мурувват ва бағрикенгликни қадрлашга ўргатди. Ҳаётимни ундан олган сабоқлар асосида давом эттираман. Бу мен учун ҳаётнинг асосий моҳиятидир», — деди Луис Энрике.
Бош мураббий бу сўзлари орқали нафақат футбол мухлислари, балки бутун дунёда ҳаёт қийинчиликлари билан курашаётган инсонларга ҳам кучли мотивация ва руҳий далда берди. Унинг айтишича, ҳар қандай вазиятда ҳам ҳаётнинг гўзалликлари ва ёқимли хотиралари билан яшаш муҳимдир.
«Менга бугун берилаётган табрик ва олқишлар жуда қадрли, лекин менинг учун энг муҳим бўлган нарса бу эмас. Менинг учун муҳим бўлгани – қизимдан қолган гўзал хотираларни қадрлаш ва бу хотиралар билан ҳаётимни давом эттиришдир», — дея қўшимча қилди испаниялик мутахассис.
Эслатиб ўтамиз, Луис Энрике мураббий сифатида ПСЖ билан Чемпионлар Лигаси ғолиби бўлгани унинг мураббийлик фаолиятидаги янги, ёрқин саҳифа бўлди. Бу ғалаба унинг профессионал фаолиятига янги куч бағишласа-да, шахсий ҳаётида энг катта илҳом манбаи сифатида қизининг руҳи қолаверади.
Шу тариқа, Луис Энрике нафақат муваффақиятли мураббий сифатида, балки ҳаётдаги оғир йўқотишлардан кейин ҳам инсонларнинг руҳий қувватини сақлаш мумкинлигини исботлаган шахс сифатида ҳам мухлисларнинг қалбидан жой олди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар