date

Луис Энрике: PSJ ҳам, Арсенал ҳам ғалабага лойиқ эмас эди

Luis Enrique: PSJ ham, Arsenal ham g‘alabaga loyiq emas edi

PSJ бош мураббийи Луис Энрике Чемпионлар лигаси финалидаги ғалабадан сўнг кутилмаган баёнот билан чиқди. Будапештдаги "Пушкаш Арена"да кечган баҳсда парижликлар 120 дақиқалик 1:1 ҳисобидан сўнг, пеналтилар сериясида 4:3 ҳисобида зафар қучиб, Европа тахтини ўзида сақлаб қолди. Бироқ испаниялик мутахассис ўйин савиясидан тўлиқ қониқмаганини яширмади. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.

Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида Луис Энрике ўйин жуда оғир ўтганини таъкидлади. "Пеналтилар сериясини хотиржам кузатдим. Бу жуда қийин ва азобли ўйин бўлди. Тўғрисини айтсам, бугун ҳеч бир жамоа ғалабага лойиқ эмас эди. Аммо бутун мавсум давомидаги меҳнатимизни таҳлил қилсам, иккинчи марта Чемпионлар лигаси кубогини қўлга киритишга ҳақли эдик", — деди мураббий.

Финал баҳси тактик курашларга бой ўтди. Микел Артета бошчилигидаги Арсенал чуқур ҳимоявий блок ўрнатиб, PSJнинг ҳужумкор ҳаракатларини чеклаб қўйди. Луис Энрике биринчи бўлимда рақиб ҳимоясини ёриб ўтишда қийналганини, бироқ танаффусдан кейинги ўзгаришлар ўз самарасини берганини тан олди. Арсенал ҳимоячиси Габриел томонидан йўлланган сўнгги ноаниқ пеналти парижликларга чемпионликни тақдим этди.

Мураббийнинг камтарлигига қарамай, PSJ ярим ҳимоячиси Жоау Невес рақибнинг тактикаси ҳақида кескинроқ фикр билдирди. Унинг сўзларига кўра, Арсенал ўйин давомида атиги 24,7 фоиз эгалик билан рекорд даражадаги паст кўрсаткич қайд этган. "Бугун биз ғалабага лойиқ эдик, чунки майдонда фақат PSJ футбол ўйнашни хоҳлади", — дея қўшимча қилди 21 ёшли футболчи.

Кетма-кет иккинчи бор нуфузли совринни қўлга киритган Луис Энрике энди жамоа билан байрам қилиш ва ҳордиқ чиқариш вақтини режалаштирмоқда. Футболчилар эса миллий терма жамоалар ихтиёрига йўл олишади. PSJ бу ёзни Европа қироли сифатида кўтаринки кайфиятда ўтказадиган бўлди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Луис Энрике: PSJ ҳам, Арсенал ҳам ғалабага лойиқ эмас эди