
6–9 июнь кунлари Нидерландиянинг Эйндховен шаҳрида Европа қитъасидаги энг нуфузли бокс мусобақаларидан бири ҳисобланмиш «Eindhoven Box Cup» бўлиб ўтади. Бу йилги мусобақага 30 га яқин мамлакатдан келган энг кучли ва истеъдодли боксчилар қатнашиши кутилмоқда.
Ўзбекистон шарафини ушбу нуфузли халқаро мусобақада икки Олимпиада чемпионимиз – Абдумалик Ҳалаков ҳамда Асадхўжа Мўйдинхўжаев ҳимоя қилади. Бугунги кунда ўзбек бокси жаҳон аренасида ўзининг юқори мақоми ва чемпионлик анъаналари билан танилган. Шундай экан, мухлисларимиз ўзбек ўғлонларидан ғалабали натижаларни интиқлик билан кутишмоқда.
Мазкур турнирда иштирок этадиган бошқа мамлакатларнинг номдор спортчилари ҳам мусобақанинг жозибасини янада ошириши аниқ. Улар орасида Европа, Осиё ва жаҳон миқёсидаги чемпионатларда медалларни қўлга киритган боксчилар бор:
- Жамал Кулиев (U23 ёшлар ўртасидаги Европа чемпиони);
- Лай Чжу-Эн (Осиё чемпионатида бронза ва Осиё ўйинлари кумуш медали соҳиби);
- Маҳмуд Сабирхан (жаҳон чемпиони);
- Али Абдуллаев (жаҳон чемпионатида кумуш медал соҳиби);
- Ичрак Чаиб (жаҳон чемпионати бронза медалисти);
- Оливия Тоборек (Европа чемпионати совриндори ва бир неча карра медал соҳиби).
Таъкидлаш жоизки, «Eindhoven Box Cup» мусобақаси нафақат спортчиларнинг маҳорат ва тажрибасини ошириш, балки Олимпия ўйинлари каби нуфузли мусобақаларга тайёргарликнинг муҳим босқичи ҳамдир. Ҳар йили ўтказиладиган ушбу турнирда қатнашувчиларнинг сони ва савияси ошиб бормоқда.
Шу ўринда ўзбек чемпионлари Ҳалаков ва Мўйдинхўжаев иштирокидаги жанглар ушбу мусобақанинг энг қизиқарли ва эътиборга молик воқеаларидан бири бўлиши кутилмоқда. Олимпиада чемпионларимиз ўзларининг юқори савиядаги техникаси, чидамлиликлари ҳамда ғалабага бўлган кучли иштиёқлари билан рақибларига жиддий қаршилик кўрсатиши аниқ.
Мухлисларнинг ҳам эътибори Эйндховен шаҳридаги рингда бўлади. Умид қиламизки, ўзбек боксчиларининг жанглари мухлисларга ёрқин ва ҳаяжонли лаҳзаларни тақдим этади. Бу сафар ҳам, доимгидек, ўзбек спортининг янги ғалабаларига гувоҳ бўлишимиз мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг