
Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионати йўлидаги саралашнинг учинчи босқичини муносиб якунлади. Қатарга қарши Тошкентда ўтказилган сўнгги беллашувда футболчиларимиз 3:0 ҳисобида йирик ғалабага эришиб, ўз гуруҳидаги юксак мақомини янада мустаҳкамлади. Мазкур муваффақият орқали терма жамоамиз мундиалда қатнашиши кафолатланган дастлабки 10 мамлакатдан бирига айланди.
Сўнгги баҳсдаги муваффақият нафақат миллий оммавий ахборот воситаларида, балки халқаро нашрларда ҳам кенг ёритилди. Айниқса, терма жамоа сафида тўлиқ ўйин ўтказган 21 ёшли ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановнинг ҳаракатлари уни тарбиялаётган “Манчестер Сити” клуби томонидан алоҳида қайд этилди.
Клубнинг расмий сайтида Жек Манфорд томонидан эълон қилинган таҳлилий мақолада Ҳусановнинг нафақат шахсий статистикаси, балки бутун терма жамоа ўйини пухта таҳлил қилинган. Унда айтилишича, Ҳусанов 70 та аниқ пас билан ўйиндаги юқори самарадорликни намоён қилган ва фақатгина Ҳусниддин Алиқулов ундан кўпроқ тўп узата олган.
Тошкентдаги баҳсда голларни Азиз Турғунбоев, Элдор Шомуродов ва Игорь Сергеев урди. 21 ёшли ҳимоячи эса, орқа чиқизда ишончли ва барқарор ўйин кўрсатди.
Ўзбекистон бутун учрашув давомида устунлик қилди: дарвозага 18 та зарба йўллади, 446 та аниқ тўп узатишни амалга оширди, рақиб эса, атиги битта аниқ зарба берди.
Ўзбекистоннинг Қатар устидан қозонган ғалабаси саралашдаги олтинчи зафар бўлиб, умумий ҳисобда жамоа 10 ўйинда 21 очко тўплади. Бу миллий терма жамоамизнинг тарихдаги энг муваффақиятли саралаш босқичларидан бири сифатида қайд этилди.
Ҳусанов учун бу мусобақа алоҳида аҳамият касб этди — у сўнгги саккизта учрашувда бир дақиқани ҳам ўтказиб юбормади ва бутун турнир давомида терма жамоа атиги бешта гол ўтказди. Марказий ҳимоячи сифатида у ўзини барқарор, ишончли ва жамоавий тартибни таъминловчи асосий устунлардан бири сифатида кўрсата олди.
Марказий ҳимоячи фаолияти давомида терма жамоа учун жами 22 та учрашувда иштирок этди, энди у футбол оламининг энг муҳим воқеаси – келаси ёзда АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қиладиган жаҳон чемпионатида ўзини кўрсатиш имконига эга бўлади.
Шу тариқа, Ўзбекистон 2026 йилги мундиалда қатнашиш учун ҳозирдан жойини кафолатлаган дунёдаги ўнта терма жамоадан бирига айланди.
Эндиликда Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити” академиясига қайтиб, 15 июнь куни бошланадиган Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига тайёргарликни бошлайди. Мусобақа АҚШда ўтказилади ва унда “Сити” гуруҳ босқичида “Ювентус” (Италия), “Ал-Айн” (БАА) ва “Видан” (Марокаш) жамоаларига қарши майдонга тушади.
Шу тарзда, терма жамоамизнинг мундиалга чиқиши нафақат юртдошларимиз, балки Европанинг етакчи клублари учун ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Ҳусановнинг ҳозирги шакли уни нафақат “Сити”да, балки Жаҳон чемпионатида ҳам асосий қаҳрамонлардан бирига айлантириши мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар