date
views 268

Кевин де Брюйне янги мавсумда “Наполи” либосида тўп суради

Кевин де Брюйне янги мавсумда “Наполи” либосида тўп суради
Европа футболидаги йилнинг энг кутилган трансферларидан бири амалга ошиши арафасида. “Манчестер Сити”нинг ақл маркази, Бельгия терма жамоаси сардори Кевин де Брюйне фаолиятида янги саҳифа очиши мумкин. Sky Sport ва бир қатор Европа нашрлари маълумотига кўра, тажрибали ярим ҳимоячи яқин кунларда “Наполи” жамоаси сафини тўлдириши кутилмоқда.

33 ёшли футболчи ўн йил давомида “Манчестер Сити” таркибида меҳнат қилиб, жамоа тарихидаги энг сермаҳсул ва таъсирли ўйинчилардан бирига айланди. У сўнгги мавсумда Англия Премьер-лигасида 28 та учрашувда иштирок этиб, 4 та гол ва 7 та голли узатма билан жамоасига муҳим ҳисса қўшди. Де Брюйне ҳужумдаги ёрқин паслари, интеллектуал ҳаракатлари ва катта ўйин тажрибаси билан миллионлаб мухлислар қалбидан жой олган.

Трансфер шартларига кўра, Кевин де Брюйне “Наполи” билан “2+1” форматида шартнома имзолайди ва йилига 5 миллион евро маош олади. Бельгиялик юлдуз эркин агент сифатида Неаполь клубига ўтмоқда. Sky Sport хабар қилишича, де Брюйне пайшанба куни Римга етиб келиб, тиббий кўрикдан ўтади ва шундан сўнг барча расмий ҳужжатлар имзоланади.

“Наполи” учун ушбу трансфер жамоа тарихидаги муҳим воқеалардан бири бўлиши мумкин. Итальян грандларидан бири кейинги мавсумда янги мақсадлар сари йўл олишни, чемпионлик учун курашни давом эттиришни режалаштирмоқда. Кевин де Брюйненинг келишини мухлислар катта умид билан кутишаётгани аниқ.

Футбол экспертлари ва таҳлилчилар ушбу битимни “Наполи”нинг трансфер бозоридаги энг муваффақиятли қадамларидан бири деб аташмоқда. Тажрибали ярим ҳимоячи Неапольда ўзини қандай кўрсатади, жамоага қандай янги руҳ бағишлайди — буни вақт кўрсатади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Кевин де Брюйне янги мавсумда “Наполи” либосида тўп суради