date
views 1 790

Жаҳон чемпионатига чиққан Ўзбекистон қанча пул ишлаб топади?

Жаҳон чемпионатига чиққан Ўзбекистон қанча пул ишлаб топади?
Келаси йил ёзда АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида миллий жамоаларга бериладиган мукофот пулининг умумий суммаси 896 млн долларни ташкил этади. Бу – тарихда кузатилмаган рекорд кўрсаткич. Хўш, Ўзбекистон миллий жамоаси мусобақада қатнашиш орқали қанча пул ишлаб топади?

Келаси йил мана шу кунларда ўзбекистонлик футбол мухлислари ўз орзуларининг рўёбига гувоҳ бўлади: миллий жамоа Жаҳон чемпионатида дебют қилади. Kun.uz бу дебютнинг молиявий жиҳатларига эътибор қаратди: хўш, футбол бўйича энг нуфузли мусобақада қатнашиш Ўзбекистон футболига қанча даромад келтиради?

Охирги мундиалда миллий жамоаларга қанча тўланган?

Қатарда ўтказилган 2022 йилги жаҳон чемпионатида миллий жамоаларга берилган мукофот пулининг умумий суммаси 440 млн долларни ташкил этганди. Бу ҳозиргача қайд этилган энг юқори кўрсаткич. 3 йил олдин иштирокчиларнинг ҳар бири қуйидагича миқдорларда мукофотланган:

- Гуруҳ босқичидан ўта олмаган жамоалар – 9 млн доллар;
- Нимчорак финалчилар – 13 млн доллар;
- Чорак финалчилар – 17 млн доллар;
- 4-ўрин (Марокаш) – 25 млн доллар;
- 3-ўрин (Хорватия) – 27 млн доллар;
- 2-ўрин (Франция) – 30 млн доллар;
- Жаҳон чемпиони (Аргентина) – 42 млн доллар.
Ҳар бир миллий жамоага тайёргарлик жараёни учун ҳам 1,5 млн доллардан ажратилган.

Бундан ташқари, ФИФА Жаҳон чемпионати пайтида футболчиларини миллий жамоаларга юборган клублар учун алоҳида компенсация тўлайди. Хусусан, Қатардаги мундиалда бу миқдор умумий 209 млн долларни ташкил этиб, пул 400 дан ортиқ клубга тарқатилган. Бунда клубларга ҳар бир футболчи учун кунига 10 минг доллар атрофида пул тўланган. Бу пуллар футболчининг нафақат ҳозирги, балки сўнгги 2 йилда ўйнаган барча клубларига тақсимланган.

Рекорд янгиланади

АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида ўтказиладиган 2026 йилдаги мусобақа иштирокчилар сони 32 та эмас, илк марта 48 та бўлади. Жамоалар 4 тадан бўлиб, 12 та гуруҳга бўлинади, ҳар бир гуруҳнинг ғолиби ва иккинчи ўрин соҳиби, шунингдек, учинчи ўринни эгаллаган 8 та энг яхши жамоа кейинги босқичга ўтади. Шу жиҳатдан, умумий ўйинлар сони ҳам 64 тадан 104 тага кўпаяди.

Навбатдаги мундиалнинг умумий мукофот жамғармаси маълум – 896 млн доллар. Бу Қатардаги мусобақага қараганда 2 баробар кўп. Лекин ҳозирча бу пулларнинг иштирокчилар ўртасида қандай тақсимланиши аниқ эмас. Айрим тасдиқланмаган маълумотларга кўра, 2026 йилги мундиалда гуруҳ босқичидан ўта олмаган жамоаларга 13 млн доллардан, 1/16 финалда мусобақадан чиқиб кетганларга эса 17 млн доллардан тўланиши мумкин.

Ўзбекистоннинг имкониятлари қандай?

Қуръадан олдин барча терма жамоалар охирги ФИФА рейтингидаги ўрнидан келиб чиқиб 4 та саватчага ажратилади. Айни пайтда Ўзбекистон бу рейтингда 55-ўринда боряпти. Биз кўп эҳтимол билан 3- ёки 4-саватдан жой оламиз. Регламент кўра, Осиё жамоалари бир гуруҳда иштирок этиши мумкин эмас. Шу жиҳатдан, Тимур Кападзе жамоаси ўрин оладиган гуруҳда, албатта, битта Европа жамоаси бўлади. Шунингдек, Африка жамоаларидан бирининг ҳам Ўзбекистон гуруҳига тушиш эҳтимоли 75 фоизга тенг. Учинчи рақиб эса Янги Зеландия, Жанубий Америка ёки Шимолий Америка жамоаси бўлади.

Рақибларнинг кучи ФИФА рейтингига боғлиқ бўлгани сабабли, миллий жамоа тайёргарлик жараёнидаги ўртоқлик ўйинларида ҳам ғалаба қозонишда давом этиши фойдадан холи бўлмайди. Бунда охирги турдаги Қатар устидан қозонилган ғалаба ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Умуман олганда, Ўзбекистон футбол ассоциацияси миллий жамоанинг жаҳон чемпионатидаги иштироки учун энг камида 10 млн доллар атрофида пул ишлаб олади. Агар плей-оффга чиқадиган бўлсак, бу миқдор сезиларли даражада ошиб бораверади. Шунингдек, мусобақага тайёрланиш жараёни учун ҳам 1,5 млн доллар атрофида пул берилади.

Бундан ташқари, етакчи маҳаллий футбол клублари ҳам яхшигина компенсация пулига эга чиқади. Масалан, саралашнинг охирги турларига “Пахтакор”дан 4 нафар футболчи жалб қилинди. Агар қайдномада жиддий ўзгаришлар юз бермаса, ФИФА “шерлар” ҳисобига бир неча юз минг долларни ўтказиб беришини кутиш мумкин.

Маълумот учун, Шимолий Америка майдонларида бўлиб ўтадиган мундиал 2026 йилнинг 11 июнида бошланиб, 19 июлгача давом этади.

Достон Аҳроров
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Жаҳон чемпионатига чиққан Ўзбекистон қанча пул ишлаб топади?