
Мадриднинг машҳур “Реал” жамоаси янги супер юлдузи Килиан Мбаппега 10-рақамли футболкани бериш масаласини муҳокама қилмоқда. Испаниянинг нуфузли Marca нашрининг ёзишича, клуб раҳбарияти бу рақам орқали франциялик ҳужумчининг имиджини янада баландроқ поғонага олиб чиқишни режалаштирган.
10-рақам дунё футболида фақат рақам эмас — у жамоанинг энг асосий ўйинчиси, юлдузи бўлиш рамзидир. “Реал”даги ушбу рақамни аввалроқ Зидан, Озил, Хамес ва сўнгги йилларда Лука Модрич каби футболнинг жаҳон даражасидаги буюк юлдузлари тақиб келган. Энди эса ушбу шарафли рақамни кийиш навбати Мбаппега етиб келган кўринади.
Маълумки, ҳозирда 10-рақам “Реал” таркибидаги энг тажрибали ва эҳтиромли футболчилардан бири — хорватиялик Лука Модричда. Аммо у Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан сўнг жамоани тарк этиши кутилмоқда. Бу эса 10-рақамни янги эгасига ўтишини табиий жараёнга айлантиради.
Франция терма жамоаси сардори ҳисобланган Килиан Мбаппе ҳозирча “Реал” сафида 9-рақамли либосда ҳаракат қилмоқда. Унинг клуб билан шартномаси 2029 йилнинг ёзигача амал қилади ва Transfermarkt маълумотига кўра, у ҳозирда 180 миллион евро билан дунёдаги энг қиммат футболчилардан бири ҳисобланади.
26 ёшли ҳужумчи ўтган мавсумда ажойиб статистика қайд этди: у 56 та расмий ўйинда майдонга тушиб, 43 та гол урди ва 5 та ассист амалга оширди. Бу кўрсаткичлар уни дунё футболидаги энг самарали ва таъсирли ўйинчилар қаторига қўшди.
Килианнинг “қаймоқранглилар” сафида 10-рақам остида ҳаракат қилиши унинг жамоадаги етакчи мақомини янада мустаҳкамлайди. Ундан нафақат юқори савиядаги голлар, балки жамоавий лидерлик ва ўйиндаги ҳал қилувчи ташаббуслар кутилмоқда.
Шу тариқа, “Реал” клуби фақат янги трансфер эмас, балки янги давр бошланишини ҳам эълон қилмоқда. Мбаппе учун 10-рақам футбол тарихидаги навбатдаги афсонавий саҳифанинг эшигини очиши мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар