
Италиянинг машҳур клуби “Рома” яна молиявий босимлар ўртасида қолди. УЕФА томонидан белгиланган молиявий фейр-плей қоидаларига мувофиқ, клуб 2025 йил 30 июнга қадар камида 10 миллион евро даромад топиши шарт. Агар бу талаб бажарилмаса, клубни жиддий жазолар кутмоқда, деб ёзади Retesport.
Шу боис “Рома” бир қатор футболчиларини трансфер рўйхатига қўйишга мажбур. Улар орасида посбон Миле Свилар, ярим ҳимоячи Коне ва марказий ҳимоячи Эван Н’Дика каби номлар бор. Ҳозирча бу ҳақда расмий қарор қабул қилинмаган бўлса-да, клубнинг баъзи ўйинчилари билан хайрлашиши деярли аниқ бўлиб улгурган.
Эътибор қаратиш жоизки, “Рома” таркибидаги энг муҳокамали номлардан бири — ўзбекистонлик Элдор Шомуродов. У 2021 йили “Женоа”дан 17,5 миллион евро эвазига олиб келинганди. Лекин бу сумма бир неча йил давомида бўлиб тўланиши шарт қилинган. Ҳозирги кунга келиб, “Рома”нинг “Женоа” клуби олдидаги қарзи ҳали ҳам 3,5 миллион евро атрофида қолмоқда.
Шу боисдан, агар “Рома” Элдорни 8 миллион еврога сотишга муваффақ бўлса, 3,5 миллионини “Женоа”га қайтарган ҳолда, тахминан 4,5 миллион евро соф даромадни қўлга киритиши мумкин. Бу эса клубнинг молиявий мувозанатини қисман тиклашда сезиларли ҳисса қўшади.
Шу билан бирга, яна бир муҳим ном — Аргентина терма жамоаси аъзоси Леандро Паредес ҳам трансфер сари йўл олиши мумкин. У 2023 йилда “Рома” билан икки йиллик шартнома имзолаганди. Унинг амалдаги шартномаси 2024 йил 30 июн куни якунланади ва бу санада у клуб балансида нол қийматга тенг ҳисобланади. Агар у шунга қадар “Бока Хуниорс” клубига тахминан 3,5 миллион еврога сотилса, “Рома” бу маблағни тўлиқ фойда сифатида қўлга киритади.
Агар ҳам Элдор Шомуродов, ҳам Леандро Паредес трансфер қилинса, “Рома” камида 6,5–7 миллион евро даромадга эга бўлади. Албатта, бу УЕФА талаб қилган 10 миллион еврони тўлиқ қопламайди, аммо молиявий босимни юмшатишда муҳим қадам ҳисобланади.
Қолаверса, Элдор Шомуродовга А Сериядаги бошқа жамоалар, шунингдек Франция ва Туркия чемпионатларидан ҳам жиддий қизиқиш борлиги таъкидланмоқда. Бу таклифлар римликлар учун қўшимча имконият бўлиши мумкин.
Айни пайтда, “Рома” раҳбарияти ҳар икки футболчининг келажагини ҳал этиш борасида сўнгги музокараларни олиб бормоқда. Улар учун тўғри харидор топилса, клуб учун молиявий йўқотишлар ўрни қисман тўлдирилади ва янги трансферларга йўл очилади.
Шубҳасиз, бу трансферлар нафақат “Рома” молиявий барқарорлиги, балки Элдор Шомуродовнинг келажак фаолияти учун ҳам муҳим бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар