
Жаҳон футболида ҳар мавсум тугагач, мутахассислар ва мухлислар эътиборини “энг зўр мураббий ким?” деган савол ўзига жалб этади, деб хабар берди givemesport.com. Яқинда шу йўналишдаги нуфузли экспертлар жамоаси энг кучли 10 мураббий рўйхатини тақдим этди ва натижалар спорт оламида катта тортишувларга сабаб бўлди.
Биринчи ўринни, кутилганидек, “Манчестер Сити”ни 2016 йилдан буён бошқараётган ва замонавий футболнинг рамзига айланган Хосеп Гвардиола эгаллади. Қизиғи шундаки, бу мавсумда унинг жамоаси бирорта совринга эриша олмади, бироқ Гвардиоланинг тактик салоҳияти, жамоа тузишдаги маҳорат ва фалсафаси уни барибир энг юқори поғонага олиб чиқди. Шу билан бирга, ўзбекистонлик ёш истеъдод Абдуқодир Ҳусанов ҳам айнан Гвардиола қўл остида ўз маҳоратини намоён қилиб келмоқда.
Иккинчи ўринда яна бир испаниялик мутахассис – Луис Энрике. У “Пари Сен-Жермен”ни клуб тарихида илк бор Европа Чемпионлар лигаси чемпионига айлантирди ва бу билан ўз номини мураббийлар тарихига ёзиб қўйди. Учинчи поғонани эса дебют мавсумидаёқ “Ливерпуль”ни Премьер-лига ғолибига олиб чиққан Арне Слот эгаллади. Унинг тезкор муваффақияти Европа футбол жамоатчилигини лол қолдирди.
Яна “топ-10”ликка Симоне Индзаги, Карло Анчелотти, Ханс-Дитер Флик, Антонио Конте, Хаби Алонсо, Диего Симеоне ва Микель Артета каби номдор мутахассислар киритилди. Бу мураббийлар турли мамлакат ва клубларда тинимсиз ишлаётган бўлса-да, уларнинг ҳар бири замонавий футболда ўз ўрнига эга.
Мутахассислар фикрича, рейтингдаги ўринлар натижаларга эмас, балки мураббийнинг умумий таъсири, тактик инновациялари, ўйин услуби ва жамоага қўшган қийматига асосланади. Ҳатто совринсиз мавсум ҳам, айрим ҳолларда, энг юқори баҳони олишга тўсқинлик қилмагани – Гвардиола мисолида яққол намоён бўлди.
Жаҳон футболида рақобат ва тажриба йил сайин кучайиб бормоқда. Янги рейтинг эса нафақат мураббийлар, балки ҳар бир жамоа ва мамлакат учун мотивация манбаи бўлиб қолади. Футбол мухлислари эса, ўз севимли мураббийларининг келгуси мавсумда қандай натижа кўрсатишини қизиқиш билан кутади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар