
Икки карра Олимпиада чемпиони, Ўзбекистон шарафини халқаро ареналарда муносиб ҳимоя қилган таэквондочи Улуғбек Рашидов шов-шувли қарор билан муҳокамалар марказига чиқди. Халқаро допинг тестдан ўтказиш агентлиги (ITA) тарқатган расмий баёнотда ёзилишича, машҳур спортчи антидопинг қоидаларини бузгани учун икки йилга мусобақалардан четлаштирилди, деб хабар берди ita.sport.
Маълум қилинишича, 23 ёшли спортчи сўнгги 12 ой ичида уч марта қаерда экани ҳақида маълумот тақдим этмаган. Бу антидопинг тизимида жиддий бузилиш сифатида баҳоланади. Чунки айнан ана шу маълумотлар орқали допинг назоратининг энг самарали шакли — мусобақадан ташқари тестлар ташкил этилади.
ИТА маълумотига кўра, Улуғбек Рашидов ушбу қоидабузарлик бўйича эътироз билдирмаган ва агентлик таклиф қилган жазони қабул қилган. Шу боис, иш "оқибатларни қабул қилиш" тартибида якунланган.
Шу тариқа, унинг дисквалификация муддати 2025 йил 13 майдан бошланади ва 2027 йил 12 майга қадар давом этади. Қолаверса, 2025 йил 3 февралдан дисквалификация бошлангунга қадар иштирок этган барча индивидуал мусобақалардаги натижалари бекор қилинади.
Маълумот учун, спортчи Рўйхатдан ўтган тестдан ўтказиш пул (RTP) дастурида ҳисобда турар эди. Бу — юқори даражали спортчиларга ҳар куни ўз жойлашуви ҳақида маълумот бериб боришни мажбурият сифатида юклайдиган тизим. Ушбу 60 дақиқалик аниқ вақт оралиғи доирасида улар кутилмаган ҳолда допинг назоратидан ўтиши мумкин.
Мазкур ҳолат юзасидан Спорт арбитраж суди (CAS) апелляция бўлимига шикоят бериш имкони ҳам сақланиб қолмоқда.
Бундай вазият нафақат спортчининг шахсий фаолияти, балки мамлакат спорт имиджига ҳам таъсир қилишини инобатга олган ҳолда, келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик ҳар бир спортчи учун муҳим дарс бўлиши аниқ.
Улуғбек Рашидов ўз фаолиятида нафақат Олимпиадада, балки жаҳон ва Осиё чемпионатларида ҳам юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган эди. Аммо бу галги муаммо юксак натижаларни ортга суриб қўйди.
Келгусида у спортга қайтиши мумкин. Аммо ҳозирча энг муҳим вазифа — ишончни тиклаш ва тизим талабларига қатъий амал қилишдир. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар