
Мадриднинг “Реал” клуби ва унинг юлдуз вингери Винисиус Жуниор ўртасида навбатдаги шартнома музокаралари қизғин паллага кириб бормоқда. Катта эҳтимол билан, томонлар келишувни 2026 йилда қайта кўриб чиқади. Бу вақтгача эса ҳар икки тараф ўз таклиф ва талабларини аниқлаб олишни истаяпти.
Илк маълумотларга кўра, Винисиус клуб раҳбариятига ўзининг маоши солиқ тўланганидан кейин йилига 20 миллион евро бўлишини хоҳлаётганини билдирди. Бу таклиф футболчининг агенти орқали етказилган, деб ёзади As нашри.
Ҳозирги пайтда бразилиялик вингер “Реал” билан 2022 йилда имзоланган шартнома асосида ҳаракат қилмоқда. Мазкур келишувга биноан у ҳар мавсум ўртача 15 миллион евро маош олади. Аммо Винисиус ўзининг майдондаги ўрни, жамоага қўшаётган ҳиссаси ва бозордаги умумий ҳолатни инобатга олган ҳолда, кўпроқ маош талаб қилмоқда.
Бу ерда эътиборга молик жиҳат – “Реал” клубининг Мбаппе билан бўлган келишуви. Француз футболчиси расман йилига 15 миллион евро маош олиши айтилган, бироқ у клубга ўтганида қўшимча равишда 40 миллион евролик бонус ҳам олган. Бу сумма “яширин маош” сифатида баҳоланмоқда.
Мадрид клуби эса ҳозирча Винисиусга бундай даражадаги келишувни таклиф қилишга шошилмаяпти. “Қироллик клуби” футболчилар ўртасидаги тенглик ва ички иерархияни сақлашни устувор деб билади.
Бир пайтлар Винисиусга 1 миллиард евро атрофидаги шартнома таклиф қилган Саудия Арабистони клублари эса энди бозордан йўқолган. Бу ҳолат бразилиялик вингернинг “Реал” олдидаги тортишув имкониятларини қисқартирди. Шу сабаб, музокаралардаги ўзаро мавқе яна тенглашди.
Яқинларига кўра, Винисиус ва “Реал” ўртасидаги янги шартнома бўйича муҳокамалар 2026 йилда қайтадан бошланади. Айни пайтда эса у амалдаги шартнома асосида 2027 йилгача “Сантьяго Бернабеу”да тўп суришда давом этади.
Шубҳа йўқки, бу музокаралар нафақат “Реал” учун, балки клубнинг бошқа юлдузлари учун ҳам муҳим прецедент бўлади. Винисиуснинг талаблари ва клубнинг реакцияси эса Европа трансфер бозоридаги умумий пул сиёсатига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар