date

Файзуллаевнинг кетиши — ЦСКА учун оғриқли, лекин тўғри қарорми?

Файзуллаевнинг кетиши — ЦСКА учун оғриқли, лекин тўғри қарорми?
Россия футболида ўз ўрнига эга бўлган машҳур мураббий Валерий Непомняший Аббосбек Файзуллаевнинг ЦСКА клубидан кетиши бўйича ўз муносабатини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу трансфер жамоа учун етарлича оғриқли бўлса-да, молиявий жиҳатдан фойдалидир, деб ёзди championat.com мухбири Егор Кабак билан суҳбатда.

“Аббос ЦСКА учун йўқотиш ҳисобланади. У ҳали жамоага кўп нарса бера оларди. Аммо футбол бозорида шундай ҳолатлардан қочиб қутулиб бўлмайди. ЦСКА каби клублар ҳам молиявий мувозанатни сақлаши учун пул ишлаши керак. Менимча, агар футболчи Европада ўйнашни хоҳлаётган бўлса — унга йўл бериш керак,” — деди тажрибали мутахассис.

Аввалроқ турк оммавий ахборот воситалари орқали Файзуллаев Туркиянинг “Истанбул Башакшеҳир” клубига 7,5 миллион евро эвазига ўтиши кутилаётгани маълум қилинганди. Бу масалада томонлар ўзаро келишувга эришгани ҳам хабар қилинган.

Эътиборлиси шундаки, Аббосбек Файзуллаев ЦСКА сафини 2023 йилнинг ёзида катта умидлар билан тўлдирганди. У “Пахтакор” жамоасидан 500 минг евро атрофидаги сумма эвазига Москва клубига кўчиб ўтган ва қисқа вақт ичида жамоанинг асосий фигураларидан бирига айланганди.

Файзуллаевнинг техник маҳорати, ҳаракатчан ўйин услуби ва руҳий тайёргарлиги уни Европа клублари учун қизиқарли номзодга айлантирди. Унинг турк клубига йўл олиши орқали нафақат шахсий фаолиятида янги босқич бошланади, балки ўзбек футболчиларининг халқаро бозордаги обрўси ҳам яна бир марта тасдиқланади.

ЦСКА эса ўзи учун муҳим бўлган футболчидан айрилишига қарамай, бу трансфер орқали катта маблағга эга бўлади. Қизиғи шундаки, бу вазиятда ҳам клуб, ҳам футболчи ўзи истаган натижани олмоқда: бири — пул, иккинчиси — янги имконият.

Футболчиларнинг ўз орзулари сари интилиши, уларнинг янги босқичларда ҳам ўзини намоён қилиши — бу футболнинг ажралмас қисмидир. Файзуллаев ҳам айнан шундай йўлни танлади ва энди бу йўлда унга фақат омад ва соғлик тилаб қоламиз.

Ўқувчилар эса янги мавсумда Аббосбекни турк стадионларида, янги рақиблар ва янги ўйин услуби қаршисида кўришни кутмоқда. Унинг Европа сафарини кузатиш қизиқарли ва эҳтимол, ўзбек футбол тарихи учун муҳим бўлади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Файзуллаевнинг кетиши — ЦСКА учун оғриқли, лекин тўғри қарорми?