"Арсенал" жамоасининг француз ҳимоячиси Вильям Салиба жамоага яқинда қўшилган Виктор Дьёкереш ҳақида ўз муносабатини билдирди. Унинг таъкидлашича, янги ҳужумчи билан бирга жамоа янада кучли ва рақобатбардош бўлади.
Салиба фикрича, Виктор Дьёкерешга қарши ўйнаш ҳар доим қийин ва масъулиятли вазифа ҳисобланади. "Биз унинг қанчалик маҳорати баланд футболчи эканлигини яхши биламиз, унга қарши ҳаракат қилиш доим жиддий эътибор ва максимал концентрация талаб қилади. Уни жамоамиз сафида кўраётганимдан жуда мамнунман", — деди Салиба.
Унинг сўзларига кўра, Дьёкереш энди "Арсенал"да ўзининг голлари ва актив ҳаракатлари билан жамоага катта ёрдам кўрсатади. Франциялик ҳимоячи "Арсенал"нинг янги мавсумда ҳам катта мақсадлар сари интилишини, Премьер-лигада чемпионлик учун курашиш имконияти борлигини алоҳида таъкидлади. "Ҳар бир мавсум ўз эҳтиёжлари ва сабоқлари билан келади. Биз аввалги уч мавсумдан тўғри хулоса чиқаришимиз керак", — деди у.
Салиба, жамоада кўплаб янги футболчилар пайдо бўлганини ва уларнинг ҳам катта умид билан чемпионатда ғалаба қозониш учун хизмат қилишига ишонч билдирди. "Биз Премьер-лига ғолиблиги учун курашамиз, барча ўйинларда максимал кучни намоён қиламиз", — деб таъкидлади ҳимоячи.
Маълумот учун, Артета шогирдлари янги мавсумни “Манчестер Юнайтед”га қарши ўйин билан бошлайди. Мазкур баҳс 17 август куни, Тошкент вақти билан соат 20:30 да старт олади.
Мухлислар эса, янги мавсумда “Арсенал” қандай натижалар кўрсатишини катта қизиқиш билан кутишмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!