Осиё чемпионатида 22 ёшгача бўлган ва ёшлар тоифасида иштирок этаётган боксчиларимиз Таиланддаги мусобақада кутилганидан ҳам юқори натижалар қайд этмоқда. Хабарингиз бор, 30 июлдан 12 августгача Бангкок шаҳри мазкур нуфузли мусобақага мезбонлик қилмоқда.
Тонгда ёш боксчиларимиз рингга чиқиб, мухлисларни янги ғалабалар билан хурсанд қилган бўлса, куннинг иккинчи қисмида 22 ёшгача бўлган миллий терма вакиллари чорак финалда ўз маҳоратларини намоён этишди.
-55 кг вазн тоифасида Абдулазиз Абдуназаров Гонг Конг вакили Кит Фу Тангни илк раунддаёқ техник нокаутга учратди ва мухлисларни қувонтирди.
-60 кгда Абдураҳмон Маҳмуджонов қирғизистонлик Эрлан Эргашовни 5:0 ҳисобида ишончли тарзда мағлуб этди.
-65 кгда Жаҳонгир Зайниддинов мусобақа мезбони Наттҳангпонг Пимсенни 5:0 ҳисобида енгиб, чорак финалга йўл олди.
Қизлар ўртасида ҳам вакилларимиз ғалабадан ғалабага эришмоқда:
-48 кг вазн тоифасида Робияхон Бахтиёрова Шри-Ланка спортчиси Чатҳури Сиривардага қарши жангда 5:0 ҳисобида устунлик қилди ва ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.
-51 кгда Гулсевар Ганиева хитойлик Жуня Фенгни 5:0 ҳисобида мағлуб этган ҳолда, яна бир ярим финалчи сифатида майдонга чиқди.
-54 кгда Узукжамол Юнусова япониялик Сеина Адачи устидан осон ғалабага эришди – 5:0.
-57 кг вазн тоифасида Хуморабону Мамажонова индонезиялик Нурул Изза Нукуҳеҳени иккинчи раунддаёқ техник нокаутга учратди ва мусобақада яна бир ғалабага эришди.
Мусобақадаги ушбу натижалар миллий терма жамоамизнинг ёшлар ва катта авлод вакиллари қанчалик пухта тайёргарлик билан тайёрланганини яна бир бор намоён қилди. Боксчиларимиз мусобақанинг ҳар бир босқичида юксак фидойилик ва спорт руҳини намоён этмоқда.
Ёш вакилларимизнинг шундай муваффақиятли қатнашиши мухлислар учун фахр ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда. Чемпионатдаги янада катта зафарлар олдимизда!
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!