Ёш боксчиларимиз Минскда порлади, 12 та медал қўлга киритилди

22–27 апрель кунлари Беларус пойтахти Минск шаҳрида хизмат кўрсатган мураббий В.В. Ботвинник хотирасига бағишланган халқаро очиқ турнир бўлиб ўтди. Ушбу нуфузли мусобақада иштирок этган ўзбекистонлик ёш боксчилар яна бир бор ўз салоҳиятини намоён қилди.
2010–2011 йилларда туғилган спортчиларимиз жами 12 та медални қўлга киритиб, жамоавий ҳисобда юқори натижа қайд этишди. Улар 6 та олтин, 5 та кумуш ва 1 та бронза медали билан мусобақани якунлади.
Айниқса, олтин медал соҳиблари алоҳида эътиборга лойиқ. -46 кг вазнда Абдуллоҳ Зиявитдинов, -52 кгда Исломбек Фурқатов ва -54 кгда Оғабек Отамуродов рақибларига имконият қолдирмади. Қизлар ўртасида ҳам натижалар қувонарли: Райҳона Алимханова (-46 кг), Нафиса Босимова (-50 кг) ва Сабина Мирзаева (-54 кг) чемпионликни қўлга киритди.
Кумуш медал соҳиблари ҳам муносиб кураш кўрсатди. Мустафо Турсунбоев (-48 кг), Илёс Зарифбоев (-50 кг), Ҳожиакбар Мирзамаҳмудов (-57 кг), Улуғбек Солиев (-60 кг) ва Абдураҳмон Муртазаев (-63 кг) финалгача етиб бориб, юқори натижа қайд этди.
Бронза медали эса -75 кг вазн тоифасида Амирхон Салоҳиддинов ҳисобига ёзилди.
Жамоанинг муваффақиятида мураббийлар Мўминжон Аҳмедов, Алиёр Норалиев ва Нодиржон Иргашевнинг ҳиссаси катта бўлди. Шунингдек, мусобақада ҳакам сифатида иштирок этган Жаҳонгир Солиев ҳам мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди.
Қисқача айтганда, ёшлар “рингда гап қилди”. Бу авлод ҳали катта ареналарни ҳам “портлатади” — потенциал бор, натижа бор, ишонч бор.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!