Ўзбекистонлик ёш боксчилар финал йўлланмаси учун курашади

Бугун Осиё чемпионати доирасида кичик ўсмирлар ўртасидаги баҳслар ҳал қилувчи паллага киради. Йигитлар ўртасида финал йўлланмалари учун рингда кескин тўқнашувлар бўлиб ўтади. Кун давомида Ўзбекистон терма жамоасининг 14 нафар вакили ўз вазн тоифасида ғалаба учун жанг қилади.
Бу босқич ёш боксчиларимиз учун жуда муҳим. Чунки финалга чиқиш нафақат медални кафолатлаш, балки қитъа миқёсида ўз салоҳиятини намойиш этиш имконияти ҳамдир. Ҳар бир жангда руҳий барқарорлик, тезкор қарор, аниқ зарба ва мураббий кўрсатмаларини тўғри бажариш ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Ўзбекистон бокс мактаби йиллар давомида халқаро майдонда ўз кучини исботлаб келмоқда. Энди эса навбат ёш авлодга келди. Бугунги баҳсларда рингга кўтариладиган спортчиларимиз нафақат ўз номи, балки юрт шарафи учун ҳам кураш олиб боради.
Жуфтликлар қуйидагича:
-33 кг: Шамшод Комилов — Саят Рахимберди, Қозоғистон
-37 кг: Фаёзбек Норалиев — Султангали Нурмахан, Қозоғистон
-40 кг: Жасурбек Хайруллаев — Нитин, Ҳиндистон
-43 кг: Адизбек Илҳомбеков — Самир Боҳра, Ҳиндистон
-46 кг: Мансур Абдуҳамитов — Меитеи Оина, Ҳиндистон
-49 кг: Сардор Омонбоев — Паршант, Ҳиндистон
-52 кг: Жавоҳир Нематжонов — Рияд Алмуҳсинаҳ, Саудия Арабистони
-55 кг: Бобурмирзо Муродов — Жиҳоо Лее, Жанубий Корея
-58 кг: Абдуллоҳ Каримжонов — Муҳаммаджон Сулаймонов, Тожикистон
-61 кг: Азизбек Эгамберганов — Даниар Абдилатипов, Қирғизистон
-64 кг: Самандар Жўрабоев — Динмуҳамед Молдахан, Қозоғистон
-67 кг: Бобур Ниязов — Аманжан Жанай, Қозоғистон
-70 кг: Ўлмасбек Сатимов — Беомгеун Сео, Жанубий Корея
+70 кг: Иброҳим Мирзакаримов — Сушант Жаяни, Ҳиндистон
Учрашувлар Олимпия шаҳарчасининг Яккакурашлар залида соат 14:00 да бошланади. Мухлислар баҳсларни “Sport TV” телеканали орқали жонли томоша қилишлари мумкин.
Ўзбекистон бокс федерацияси маълумотига кўра, бугунги дастурда ёш боксчиларимиз учун жуда масъулиятли жанглар ўрин олган. Қозоғистон, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Қирғизистон, Тожикистон ва Саудия Арабистони вакилларига қарши баҳслар осон кечмаслиги аниқ.
Шу билан бирга, ўзбек боксчиларида финалга чиқиш учун етарли маҳорат, шижоат ва характер бор. Рингда ҳар бир сония қиммат, ҳар бир зарба ҳисобли. Бугун эса мухлисларимиз ёш чармқўлқоп усталаридан фақат битта нарсани кутади: дадил жанг, ишончли ғалаба ва финал йўлланмаси.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!