Англиянинг “Манчестер Сити” клуби 2025/26 йилги мавсум арафасида туб ислоҳотлар ва муҳим ўзгаришлар сари қадам ташламоқда. Жамоа бош мураббийи Хосеп Гвардиола ўзининг янги лойиҳасини амалга ошириш мақсадида клубни таниқли юлдузлардан холи этиб, уни тетик ва янги қиёфада қайта шакллантиришга киришди.
Бу жараёнда “шаҳарликлар” учта муҳим стратегик йўналишни белгилаб олгани ҳақида гап кетмоқда. Бу ҳақда инглиз матбуотида таниқли инсайдер Давид Орнштейн томонидан тарқатилган маълумотлар клуб атрофидаги қизиқишни янада оширди.
Биринчи навбатда трансфер бозорида фаол ҳаракатлар кузатиляпти. Бу жараён жорий йилнинг қишки ойларидаёқ ўзбек футболчиси Абдуқодир Ҳусановнинг “Сити”га қўшилиши билан бошланди. 20 январдан буён клуб таркибига яна Нико Гонсалес, Жума Ба, Умар Мармуш, Витор Рейс, Тижани Рейндерс, Райан Айт-Нури, Райан Шерки, Серре Нюпан ва Жеймс Траффорд каби умидли ижрочилар келиб қўшилди. Бу эса жамоанинг келажак учун пухта режалар қилаётганидан дарак беради.
Иккинчи стратегик йўналиш эса жамоада ёши улуғ футболчилар билан хайрлашишдан иборат. Клубнинг собиқ етакчилари – Кевин де Брюйне, Скотт Карсон ва Кайл Уокер аллақачон жамоани тарк этган. Шу боис, клуб ёзги трансферлар ойнаси ёпилгунига қадар яна бир неча таниқли номлар билан хайрлашиши эҳтимолдан холи эмас.
Учинчи ва энг муҳим йўналиш – жамоада ишончли ва асосий ўрин тутаётган футболчилар билан янги шартномаларни имзолашга қаратилган. Бу жараённинг илк қаҳрамони сифатида португалиялик марказий ҳимоячи Рубен Диаш танланди. Клуб унинг мавжуд битимини янгилаш учун ҳаракатга киришди ва ўз етакчисига узоқ муддатли шартнома таклиф қилди.
Маълумотларга кўра, 28 ёшли ҳимоячи Диаш клубнинг янги лойиҳасида марказий ўрин тутиши кутилмоқда. Унинг жамоадаги фаолияти 2020 йилдан бошланади ва “Сити” бу трансфер учун “Бенфика”га 71,6 миллион евро тўлаган эди.
Ҳозирда марказий ҳимоя чизиғида жуда қаттиқ рақобат юзага келган. Бу позиция учун Рубен Диаш, Абдуқодир Ҳусанов, Мануэль Аканжи, Йошко Гвардиол, Жон Стоунз ва Натан Аке номзод сифатида кўрилмоқда. Эътиборлиси, Диаш ва Ҳусанов ўртасида дўстона муносабат шаклланган бўлса-да, улар асосий таркиб учун ўта жиддий рақобатда туришмоқда.
Гвардиоланинг стратегиясига қараганда, ёшлар билан тажриба мувозанати сақланаётгани кўринади. Бу эса “Манчестер Сити”нинг нафақат янги мавсум, балки келгуси бир неча йиллик режаларида ҳам муваффақият сари интилишини кўрсатади.
Мухлислар учун эса энг қизиғи – Абдуқодир Ҳусановнинг Гвардиола қўлида қандай ўсиши ва жамоада ўз ўрнини топа олишидир. Кўрамиз, португал юлдузларининг ёнида ўзбек ҳимоячиси қандай қадам ташлайди? Янги мавсум бунга жавоб беради.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!