Англия футбол муҳитида ёзнинг энг шов-шувли хабарларидан бири пайдо бўлди — “Эвертон” клуби Жек Грилишни ўз таркибига қўшиш мақсадида жиддий музокараларни бошлади. Бу ҳақда футбол оламида ўзининг ишончли манбалари билан танилган инсайдер Фабрицио Романо маълум қилди.
Маълумотларга кўра, “Эвертон” бу келишувни фақат бир мавсумга мўлжалланган ижара асосида амалга ошириш ниятида. Яъни, футболчини тўлиқ сотиб олиш имконияти ҳақида ҳозирча ҳеч қандай муҳокама бўлгани йўқ. Бундан ташқари, “Эвертон” клуби Грилишнинг иш ҳақини тўлиқ эмас, балки маълум қисминигина тўлашга тайёр эканини билдирган.
Асли келиб чиқиши бримингемлик бўлган Жек Грилиш ҳозирги кунда “Манчестер Сити” жамоасида тўп сурмоқда. 29 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячи 2024/25 йилги мавсумда Англия Премьер-лигасининг 20 та учрашувида қатнашиб, битта гол муаллифи бўлди. Унинг самарадорлиги ўтган мавсумларга нисбатан пасайгани сабабли, жамоа раҳбарияти ҳам унинг келажаги борасида иккиланиб қолгани сир эмас.
Айни пайтда Грилишга нисбатан бошқа клублар ҳам жиддий қизиқиш билдирмоқда. Улар орасида ҳам Премьер-лига жамоалари, ҳам чет элдаги клублар борлиги айтилмоқда. Бироқ ҳозирча айнан “Эвертон” илк қадамни ташлади ва вазият ривожини кузатишда давом этмоқда.
Грилиш каби катта потенциалга эга бўлган футболчининг “Эвертон”даги эҳтимолий фаолияти клуб учун жуда катта имконият ҳисобланади. Агар келишув амалга ошса, бу ҳам футболчи учун янги саҳифа, ҳам жамоа учун кучли таркиб шакллантиришдаги муҳим қадам бўлади.
Футбол ишқибозлари эса ҳозирданоқ Грилишнинг келажагини қизиқиш билан кузатмоқда. Қандай қарор қабул қилиниши, футболчининг янги мавсумда қайси либосда майдонга тушиши эса яқин кунларда аниқ бўлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!