Англия премьер-лигасининг сўнгги йиллардаги энг ёрқин ҳужумчиларидан бири саналган Александр Исаак атрофида кутилмаган воқеалар ривожланмоқда. “Ньюкасл Юнайтед”нинг асосий гол урувчиси сифатида танилган швециялик футболчи айни дамда мураккаб ва баҳсли жараён ичида қолди. Жамоа бош мураббийи Эдди Хау таъкидлашича, Исаакнинг “Ливерпуль” клуби билан фаол музокаралари сабабли, у жамоанинг дастлабки расмий учрашувларини ўтказиб юборади. Бу хабар клуб ихлосмандлари орасида жиддий муҳокамага сабаб бўлди.
— Александр Исаак масаласини мураббийлар штаби билан батафсил кўриб чиқдик, – дейди Эдди Хау. – Ҳозирги шароитда уни умумий таркиб машғулотларига қўшиш имконияти йўқ. Бу жараён қанча вақт давом этишини аниқ айта олмайман. Музокараларимиз ҳозирча ёпиқ ҳолатда қолиши лозим, аммо бир нарсани очиқ айтаман: ҳозирги пайтда уни тўлиқ иш жараёнига жалб қила олмаймиз.
Мураббийнинг сўзларига кўра, у Исаакнинг тезроқ майдонга қайтиб, машғулотларда қатнашишини чин дилдан истайди. – Агар менинг ихтиёримда бўлса, Алекс бугуноқ ўйинга чиқар, эртага эса қайта машғулотга қўшилар эди. У жамоамизнинг муҳим фигураларидан бири ва унинг сафимизда бўлиши биз учун катта қувонч, – деди Хау.
Шу билан бирга, тажрибали мутахассис вазиятнинг “Астон Вилла”га қарши биринчи расмий ўйинга қадар ижобий ҳал этилишига умид қилишини билдирган, аммо ҳозирча вазият ўзгаришига ишончи баланд эмас. – Ҳозир биз жамоанинг энг асосий бўлагини вақтинча йўқотяпмиз, бу эса табиий равишда менинг жаҳлимни чиқаряпти, – дея қўшимча қилди у.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ матбуотда Александр Исаакнинг “Ливерпуль”га кўчиб ўтиши учун ҳаракат қилаётгани ҳақида маълумотлар тарқалганди. Бироқ “Ньюкасл” раҳбарияти уни қўйиб юбормасликка қарор қилган ва инглиз чемпионлари томонидан таклиф этилган 111 миллион фунтлик маблағни рад этган. Бу эса трансфер атрофидаги қизиқишни янада оширди.
Янги мавсум остонасидаги бу келишмовчилик ва ноаниқлик “Ньюкасл” учун жиддий синовга айланиши мумкин. Мухлислар эса Исаакнинг тақдири қачон ва қандай ҳал этилишини қизиқиш билан кутмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!