date

10 ёшли лондониялик қиз шахматда тарихий рекорд ўрнатди

10 ёшли лондониялик қиз шахматда тарихий рекорд ўрнатди

Лондонда истиқомат қиладиган 10 ёшли Бодҳана Сивананда шахмат оламида янги тарих яратди. У халқаро мастер унвонини қўлга киритиб, бу мартабани олган энг ёш аёл шахматчига айланди. Шу билан бирга, август ойи бошида у Буюк Британия чемпионатида гроссмейстерни мағлуб этган энг ёш қиз сифатида ҳам рекордчи бўлди, деб хабар берди BBC.

Маълумотларга кўра, Сивананда 10 ёш, 5 ой ва 3 кунлик пайтида ғалаба қозонди. Шу тариқа у америкалик Карисса Йипнинг 2019 йилда ўрнатган 10 ёш, 11 ой ва 20 кунлик рекордини ортда қолдирди. Британия шахмат федерацияси бу натижани мамлакат шахмат тарихидаги энг ёрқин воқеалардан бири сифатида қайд этди.

Шахматдаги «халқаро мастер аёл» унвони — гроссмейстердан кейинги иккинчи энг юқори мартаба бўлиб, уни қўлга киритиш ҳар қандай шахматчи учун катта ютуқ ҳисобланади. Гроссмейстер эса умрбод сақланадиган ва энг олий мақом сифатида эътироф этилади.

Сивананданинг шахматга бўлган қизиқиши пандемия даврида, атиги 5 ёшида бошланган. Унинг биринчи шахмат тахтаси отасининг Ҳиндистонга қайтишга тайёрланаётган дўстидан қолган совға бўлган. Дастлаб қизча шахмат доналарини ўйинчоқ сифатида ишлатган, аммо ордан кўп ўтмай қоидаларини ўрганишга катта қизиқиш билан киришган.

Қизиқарлиси, унинг оиласида шахматга қизиқувчи ёки профессионал ўйновчи ҳеч ким йўқ. Отаси Сива ва онаси муҳандислик соҳасида ишлайди ва шахмат билан жиддий шуғулланмаган. Шунга қарамай, қизалоқнинг истеъдоди қисқа вақт ичида намоён бўлиб, унинг номини жаҳонга танитди.

Бир йил аввал Бодҳана миллий терма жамоага кирган энг ёш британиялик спортчи сифатида ҳам тарихга кирганди. Эндиликда эса у нафақат ўз юрти, балки бутун шахмат дунёси учун илҳом манбаи бўлиб қолди.

Мутахассислар фикрича, бу ғалаба ёш авлоднинг шахматга қизиқишини янада ошириши ва Буюк Британияда интеллектуал спорт турини оммалаштиришга катта ҳисса қўшиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » 10 ёшли лондониялик қиз шахматда тарихий рекорд ўрнатди