Англия Премьер-лигасининг энг кучли ҳимоячиларидан бири саналган Рубен Диаш энди яна бир неча мавсум давомида «Манчестер Сити» шарафини ҳимоя қилади. Расмий маълумотларга кўра, португалиялик футболчи ўз жамоаси билан шартномани 2029 йил ёзигача узайтирди.
Аввалги келишув 2027 йилга қадар амал қилиши керак эди. Аммо клуб раҳбарияти ҳам, футболчи ўзи ҳам икки йил олдинроқ келишувни чўзишга қарор қилди. Бу ҳолат унинг жамоадаги қадри ва мураббий Пеп Гвардиола ишончи қай даражада юқори эканини яна бир бор тасдиқлади.
Маълумки, Рубен Диаш «Сити» сафида 2020 йили тўп суришни бошлаган. У ўша вақтда Лиссабоннинг «Бенфика» клубидан 71,6 миллион евро эвазига сотиб олинганди. Шу муддат мобайнида у жамоа билан катта ютуқларга эришди. Хусусан, барча учун энг асосий кўрсаткич – сўнгги 5 йилда тўрт марта Англия чемпиони бўлди.
Диаш нафақат жамоа ҳимоясидаги асосий тўсиқ, балки жамоанинг лидерларидан бири сифатида ҳам кўрилади. Унинг турғунлиги, ўйиндаги ақл-заковати ва майдондаги қаттиққўллиги кўп маротаба мутахассислар томонидан алоҳида таъкидланган.
Ўтган мавсум статистикасига тўхталсак, футболчи Премьер-лига доирасида 27 та баҳсда иштирок этди. Шулар давомида у рақибларни кўп ҳолларда тўхтатган бўлса-да, тўрт марта сариқ карточка олишдан қоча олмади.
Ҳозирги кунда Португалия миллий жамоаси аъзоси сифатида ҳам у муҳим роль ўйнаб келмоқда. Жаҳон футболида кучли ҳимоячилар қаторидан ўрин олган Рубеннинг «Сити» билан яна узоқ муддатли келишуви кўплаб мухлислар томонидан мамнуният билан кутиб олинди.
Муттахассислар фикрича, Диаш ҳали кейинги йилларда ҳам клубнинг асосий устуни бўлиб қолади ва Премьер-лигадаги ғалабаларда ҳал қилувчи роль ўйнаши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!