CAFA Nations Cup’нинг 2-туридан ўрин олган Ўмон – Қирғизистон баҳсидан сўнг Ўмон терма жамоаси бош мураббийи Карлуш Кейруш журналистлар билан суҳбатда ўйин ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди.
— Биринчи бўлим биз учун жуда оғир кечди. Майдон ҳолати сабабли ўйинга тўлиқ киришиб кетиш қийин бўлди. Қирғизистон таркибида жисмоний жиҳатдан кучли, қоматдор футболчилар кўп экан. Шу боис бундай рақибга қарши ўйнаганда тўп билан тезкор ва аниқ ҳаракат қилиш талаб этилади. Биринчи бўлимдаги барча "дуэль"ларни ютқаздик ва рақибимиз гол уришга муносиб ўйин намойиш этди. Улар ҳисобни очишди ҳам. Аммо 30-дақиқадан кейин ўйин назорати бизнинг қўлимизга ўтди. Менимча, ғалабага кўпроқ биз ҳақли эдик, — деди Кейруш баҳсдан сўнг.
Мураббийга тарихий савол ҳам берилди. Журналистлар 2012 йил ЖАРда ўтган баҳсни эслашди, ўшанда Кейруш бошчилигидаги Эрон Ўзбекистонни сўнгги дақиқадаги гол билан мағлуб этган эди. Бугун ҳам Ўмон айнан охирги дақиқалардаги зарбалар орқали ғалабани қўлга киритди.
— Бу бизнинг фалсафамиз — ҳеч қачон таслим бўлмаслик ва ҳар қандай вазиятда охиригача курашиш. Футболчиларимни майдонда сўнгги дақиқагача ҳаракат қилишга мажбурлайман. Масалан, бугун 50-дақиқадан кейин йигитлар чарчашди, аммо уларни янада фаол ўйнашга, ҳужум қилишда давом этишга ундадим. Бунинг самарасини охирида кўрдик. Менинг футболчиларим ҳеч қачон таслим бўлиши мумкин эмас. Ростини айтсам, бугун ҳисобни янада йирикроқ қилишимиз керак эди, — деди Кейруш.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!