Лондоннинг машҳур “Арсенал” жамоасининг собиқ ярим ҳимоячиси ва Франция терма жамоаси сафида 1998 йилда Жаҳон чемпионлигига эришган Эммануэль Пети клубнинг бугунги ўйинларидан ҳеч қандай завқ олмаётганини очиқ билдирди.
Унинг фикрича, жамоа бош мураббийи, испаниялик Микел Артета жорий қилаётган футбол услуби ўзида ҳеч қандай шавқ уйғотмаяпти ва томошабопликдан йироқ.
– Мен уч йил аввалги “Арсенал” футболини кўришни хоҳлардим. Ўшанда Артета жамоани кўпроқ ҳужумкор тарзда майдонга туширар, тўпни ҳужумчиларга тезкор етказишга интилишарди. Ҳозир эса улар тўпни бир-бирига ортиқча узатишдан бошқа иш қилмаяпти. Бу ҳолат стол теннисини эслатади ва жуда зерикарли кўриниш олди, – деди Пети интервью чоғида.
Эслатиб ўтамиз, Эммануэль Пети “Арсенал” шарафини 1997 йилдан 2000 йилгача ҳимоя қилган. Унинг жамоадаги фаолияти давомида лондонликлар бир қатор муҳим совринларни қўлга киритганди.
Петининг бу танқиди “Арсенал” мухлислари орасида қизғин баҳсларга сабаб бўлди. Айримлар унга қўшилмоқда, бошқалар эса Артета тактикаси ҳозирги замон талабларига жавоб беришини таъкидламоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!