“Манчестер Юнайтед” ва Англия терма жамоасининг афсонавий собиқ футболчиси Пол Скоулз “Манчестер Сити”нинг ёзги трансферларидаги асосий қарорларидан бири ҳақида ўз фикрини билдирди.
Маълумки, трансферлар бозори ёпилишидан олдин Пеп Гвардиола жамоаси таркибини кучайтириш мақсадида ПСЖнинг асосий посбони, италиялик Жанлуижи Доннаруммани олиб келди.
Пол Скоулз бу трансфер ҳақида:
– Менимча, Гвардиола жуда ғалати танлов қилди. Доннаруммани ўзим жуда қадрлайман, у шубҳасиз юқори даражали дарвозабон. Агар имконият бўлганида, уни “Манчестер Юнайтед”га олиб келишни ўйлардим. 40 миллион фунтга бу жуда яхши битим.
Бироқ Пепнинг услубида жамоа дарвозабонлари керак бўлса ҳимоячи ёки ярим ҳимоячи каби ҳам ҳаракат қилиши зарур. Доннарумма эса оёқда тўп билан яхши ишлай олмайди. Шу жиҳатдан Луис Энрике ҳам уни ПСЖдан кетказишга қарор қилган.
Мен шахсан Жанлуижи Доннаруммани “Манчестер Сити”нинг асосий посбони сифатида қабул қила олмаяпман, – деди Скоулз.
Эслатиб ўтамиз, 26 ёшли Доннарумма ўтган мавсумда ПСЖ сафида асосий дарвозабон бўлиб майдонга тушган ва жами 47 учрашувда қатнашган. Ушбу ўйинларнинг 17 тасида рақибларга гол урдирмаган ҳолда ўз дарвозасини дахлсиз сақлай олган.
Шу билан бирга, Гвардиоланинг бу қарори мухлислар ва экспертлар орасида қизғин баҳсларга сабаб бўлмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!